Спорт | 10:09 / 07.12.2025
14904
15 дақиқада ўқилади

«Арсенал»да аламли мағлубият, «Барса» ўйинида голлар шоуси. Кун ўйинлари

«Сити» «Арсенал»га етиб олмоқда, «Ливерпул» икки гол устунлигини сақлаб қололмади. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Getty Images

Англия: «Арсенал» яна «Вилла»га ютқазди

«Астон Вилла» – «Арсенал» 2:1
Голлар:
Кэш, 36 (1:0). Троссар, 52 (1:1). Буэндия, 90+5 (2:1)
«Астон Вилла»: Мартинес, Конса, Пау Торрес (Линделеф, 87), Матсен, Кэш (Буэндия, 87), Онана (Богард, 75), Камара, Тилеманс, Роджерс, Макгинн (Санчо, 75), Уоткинс (Мален, 66)
«Арсенал»: Райя, Инкапие, Тимбер, Калафиори (Люис-Скелли, 86), Уайт, Субименди, Райс, Эдегор, Эзе (Йокереш, 46), Сака (Мадуэке, 79), Мерино (Троссар, 46, Мартинелли, 86)
Огоҳлантиришлар: Калафиори, 72. Сака, 74

«Арсенал» ёздан бери ютқазмай келаётганди, аммо бу турда жамоани Бирмингҳэмга қийин сафар кутатганди. «Астон Вилла» ҳозирда юқори спорт формасида, жамоа бош мураббийи Унаи Эмерининг эса собиқ жамоаси «канонирлар» билан ўз ҳисоб-китоби бор. Меҳмонлар ўйинни биринчи рақамда бошлади ва хавфли вазиятлар яратди, эпизодлардан бирида Эмилиано Мартинес бор маҳоратини ишга солишига тўғри келди, яна бир вазиятда эса лондонликларнинг голи офсайд туфайли бекор қилди. Аммо бу вазиятлардан чиқиб олган мезбонлар ҳисобни очишди. Чап қанот ҳимоячиси қарама-қарши қанотга узатма берди, ўнг қанотда бўш қолдирилган ҳимоячи Кэш тўпни Райянинг оёқлари орасидан ўтказди.

Иккинчи бўлим «Арсенал»даги ўзгаришлар билан бошланди. Мерино ва Эзе ўрнига Йокереш ҳамда Троссар майдонга тушишди. Бу меҳмонлар ҳужумига импулс қўшди. Икки футболчида ҳам кетма-кет вазиятлар юзага келди ва айнан белгиялик вингер 59-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Бу Троссар учун АПЛдаги 50-голга айланди, у жорий мавсумда «гол+пас» бўйича 6+5 кўрсаткичини қайд этмоқда – бу эса ротация футболчиси учун ёмон натижа эмас.

«Арсенал» яна ташаббусни қўлга олди ва рақибни узил-кесил таслим қилишга ҳаракат қилди, аммо «Вилла» яна рақиб босимидан чиқиб кета олди. Аввалига Мален қулай вазиятда аниқ зарба бера олмади, ўйинга қўшиб берилган дақиқалар тугаётганида эса меҳмонлар ҳимоячилари тўпни жарима майдонидан узоқлаштира олмади ва захирадан тушганига кўп бўлмаган Буэндия ғалаба голини уриб кетди – 2:1.

Бу «канонирлар» учун Микел Артета даврида «Вилла»дан олтинчи мағлубият бўлди. Жамоа учун АПЛда бундан қийинроқ рақиб фақат «Манчестер Сити» (7 мағлубият). Шундай экан, шанба кунги ўйин натижасини сенсация деб бўлмайди. Мавсум стартидаги муваффақиятсизликдан кейин (ғалабасиз тўрт ўйин) «Вилла» ўз ўйинини топиб олди ва кучли учликка мустаҳкам ўрнашиб олди (биринчи ўрин билан фарқ атиги 3 очко).

«Манчестер Сити» – «Сандерленд» 3:0
Голлар:
Рубен Диаш, 31 (1:0). Гвардиол, 35 (2:0). Фоден, 65 (3:0)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Рубен Диаш, Гвардиол (Аке, 70), О`Райли, Матеус Нунес, Гонсалес, Фоден (Рейндерс, 69), Бернарду Силва (Люис, 82), Доку, Шерки (Савио, 82), Ҳоланд (Мармуш, 69)
«Сандерленд»: Руфс, Баллард, Гертрейда, Алдерете, Ҳюм (О`Найен, 88), Мукиеле, Садики (Мандл, 72), Жака (Адингра, 72), Ле Фе, Траоре (Талби, 56), Изидор (Бробби, 56)
Огоҳлантириш: Гвардиол, 37
Четлатиш: О`Найен, 90

«Арсенал»нинг мағлубияти эса «Сити»га қўл келди. «Этиҳад»да меҳмон бўлган «Сандерленд» ўз дарвозасига тўғри борган дастлабки икки зарбадан икки гол ўтказиб юборди. Аввалига Рубен Диаш жарима майдони ташқарисидан олис бурчакни аниқ нишонга олди, бир неча дақиқа ўтиб Гвардиол Фоден бурчакдан оширган тўпни бошда дарвозага йўллади. Лекин бу мавсумда «Сити» бир неча бор 2:0 ҳисобида олдинда борган ўйинларида устунликни қўлдан бой берганди ва мухлислар ҳали хотиржамликка берила олмасди.

Олдинги дам олиш кунларида ҳам «Лидс»га қарши ўйинда икки тўп фарқи йўққа чиққан, фақат қўшимча дақиқаларда ғалаба голи уриб кетилганди (3:2), ҳафта ўртасида эса «Сити» «Фулҳэм» билан ўйинда тўрт гол фарқини бой беришига сал қолганди (5:4). Шанба куни ҳам иккинчи бўлим бошида меҳмонлар ҳужумкорликни оширганида, «шаҳарликлар» мухлислари ҳаяжонда ўтиришига тўғри келди. Доннарумма Изидор билан яккама-якка вазиятда қутқарди, Жаканинг жарима зарбасидан кейин тўп устунга тегди. Ҳоланд эса майдонни голсиз тарк этишига тўғри келди, иккинчи бўлимда унинг зарбасидан кейин Гертрайда тўпни чизиқ устида тўхтатиб қолди. Фақат 65-дақиқада Шеркининг рабона услубидаги узатмасидан кейин Фоден бош билан аниқ зарба йўллаб, ўйиндаги интригага барҳам берди.

Бу ғалабадан кейин «Манчестер Сити» турнир жадвалида «Астон Вилла»ни қувиб ўтиб, иккинчи ўринга кўтарилди ва «Арсенал» билан орадаги фарқни икки очкогача қисқартирди. АПЛда чемпионлик пойгасида интрига қизимоқда.

«Борнмут» – «Челси» 0:0
«Борнмут»: Петрович, Сенеси (Ҳилл, 62), Диаките, Трюффер, Смит, Скотт, Таверние, Клюйверт (Брукс, 74), Семенйо, Хименес (Адли, 74), Эванилсон (Энес Юнал, 87)
«Челси»: Санчес, Чалоба, Фофана, Кукуреля, Гюсто, Фернандес, Жеймс, Палмер (Жоао Педро, 58), Гарначо (Эстевао, 77), Педру Нету, Делап (Гиу, 32)
Огоҳлантиришлар: Гиу, 85. Педру Нету, 90

Чемпионлик пойгасидаги яна бир жамоа «Челси» эса «Арсенал»нинг қоқилишидан фойдалана олмади. Энцо Мареска шогирдлари «Борнмут» майдонида голсиз дуранг қайд этишди ва энди якшанба куни «Кристал Пэлас» «Фулҳэм»ни мағлуб этадиган бўлса, тур якунларига кўра кучли тўртликдан чиқиб кетиши ҳам мумкин.

«Нюкасл Юнайтед» – «Бёрнли» 2:1
Голлар:
Гимарайнс, 31 (1:0). Гордон, 45+8 –  пеналти (2:0). Флемминг, 90+4 –  пеналти (2:1)
«Нюкасл Юнайтед»: Рамсдейл, Шер, Тшау, Берн (Ҳолл, 63), Ливраменто, Гимарайнс, Уиллок (Майли, 63), Рэмси (Тонали, 90+6), Гордон (Жоэлинтон, 74), Эланга, Волтемаде (Висса, 74)
«Бёрнли»: Дубравка, Эстев, Экдал (Эдвардс, 90+5), Лукас Пирес, Уокер, Каллен, Флорентину (Лоран, 65), Угочукву, Брун Ларсен (Энтони, 86), Бройя (Флемминг, 86), Фостер (Уорралл, 46)
Огоҳлантиришлар: Ливраменто, 52. Рэмси, 90 - Уокер, 35. Лоран, 89
Четлатиш: Лукас Пирес, 43

Нюкаслдаги ўйинда ҳисобни очган Бруну Гимараэснинг голи нафақат турнинг, балки мавсумнинг энг чиройли голи бўлишга даъвогарлик қилади. У корнер ижро этишда тўпни айлантириб, дарвозанинг олис бурчагига жойлади. Бу АПЛ тарихидаги йигирманчи шундай гол урилиши бўлди, «қарғалар» учун эса биринчиси. Биринчи бўлим охирида «Бёрнли» бир киши озчилик бўлиб қолди ва амалда ўйин тақдири ҳал бўлди, Пирес қизил карточка олишдан ташқари, жамоаси дарвозасига пеналти қўйилишига сабабчи бўлди. Нуқтага яқинлашган Гордон аниқ зарба берди. Иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Флемминг 11 метрдан урган гол эса амалда ҳеч нарсани ўзгартира олмади.

«Тоттенҳэм» – «Брентфорд» 2:0
Голлар:
Ришарлисон, 25 (1:0). Симонс, 43 (2:0)
«Тоттенҳэм»: Викарио, Ромеро (Дансо, 81), ван де Вен, Спенс, Порро, Грэй, Бентанкур (Палиня, 65), Симонс, Ришарлисон, Қуддус (Сарр, 80), Коло Муани (Одобер, 74)
«Брентфорд»: Келлеҳер, ван дер Берг, Коллинз, Айер (Ҳенри, 46), Кайоде (Ҳики, 76), Ҳендерсон, Ярмолюк (Янелт, 76), Дамсгор (Йенсен, 61), Уаттара (Люис-Поттер, 88), Шаде, Тиаго
Огоҳлантиришлар: Ромеро, 31. Порро, 47. Грэй, 77 –  Кайоде, 28. Айер, 45. Шаде, 60. Ярмолюк, 72

«Тоттенҳэм» ниҳоят чемпионатда илк бор уй ўйинида ғалаба қозониб, мухлисларини хурсанд қилди, «шпорлар»нинг биринчи бўлимдаги асосий двигатели Симонс бўлди. Нидерландиялик яримҳимоячи аввалига ҳисобни очган Ришарлисонга ассистентлик қилди, кейин эса ўзи ҳимоячилардан қочиб кетиб, АПЛдаги илк голини урди. Агар ҳафта ўртасида Нюкаслда қайд этилган иродали дуранг ҳисобга олинса, айтиш мумкинки, Томас Франк шогирдлари инқироздан чиқмоқда. Бу саволга аниқ жавобни яқин турларда билиб олиш мумкин, ҳозирча эса лондонликлар, худди «Нюкасл» каби топ-4 дан уч очколик масофада бормоқда.

«Лидс» – «Ливерпул» 3:3
Голлар:
Экитике, 48 (0:1). Экитике, 50 (0:2). Калверт-Люин, 73 – пеналти (1:2). Штаҳ, 75 (2:2). Собослаи, 80 (2:3). Танака, 90+6 (3:3)
«Лидс»: Перри, Бийол (Ааронсон, 65), Стрейк, Родон, Ампаду (Пиру, 87), Штаҳ, Груев (Танака, 65), Гудмундссон, Богл (Борнау, 90+3), Калверт-Люин, Окафор (Нионто, 65)
«Ливерпул»: Алиссон, ван Дейк, Конате, Керкез, Брэдли (Гомес, 68), Жонс, Гравенберҳ, Вирц (Макаллистер, 68), Гакпо (Эндо, 83), Собослаи, Экитике (Исак, 84)
Огоҳлантиришлар: Богл, 20. Гудмундссон, 26. Стрейк, 89 – Брэдли, 45. ван Дейк, 81. Гомес, 90

Салоҳ қаторасига учинчи бор захира ўриндиғида қолдирилди. Арне Слот яна шундай юришга қўл урди ва трансляция режиссёри «Ливерпул» яна биринчи бўлимда гол ура олмаганидан кейин мисрлик ҳужумчини йирик планда намойиш этди. Аммо иккинчи бўлим меҳмонларнинг голлари билан бошланди, Экитике «Лидс» ҳимоячиларининг қўпол хатосидан фойдаланиб кетди. Биринчи ҳолатда француз ҳужумчиси рақиб ҳимоячисининг хато пасидан кейин тўпга эга чиқиб, дарвозабон билан яккама-якка вазиятда ҳисобни очди. Иккинчи ҳолатда қанотда тўпни олиб қўйган Брэдлининг узатмасига барчадан биринчи етиб борди.

Икки дақиқа – икки гол. Мезбонлар бундай зарбадан ўзига кела олмайдигандек кўринганди, аммо Даниэл Фарке ўз шогирдларини фаворитлардан қўрқмасдан ўйнашга ўргатгани яна бир бор ўз исботини топди. Ушбу жамоа ўтган ҳафтада «Манчастер Сити» билан тенгма-тенг ўйин кўрсатган, ҳафта ўртасида «Челси»ни мағлуб этганди ва шанба куни ҳам ирода кўрсата олди. Бу кўп жиҳатдан Конатенинг айби билан содир бўлди, франциялик ҳимоячи кераксиз вазиятда Нионтога фол ишлатди ва VAR текширувидан кейин меҳмонлар дарвозасига пеналти белгиланди.

Кейин эса ушбу ҳимоячи ҳисобни тенглаштирган Штаҳни қарши олишга бормади. Ва бу ҳали ҳаммаси эмасди. «Ливерпул» иккинчи голни ўтказиб юборганидан кейин тўлиқ куч билан ҳужумга ўтди ва Собослаи меҳмонларга ҳисобдаги устунликни қайтарди.

Аммо мерсисайдликлар қўшимча дақиқаларда ғалабани сақлаб қола олишмади, ўтган турда «Челси» дарвозасини ишғол этган Танака, бу сафар «Ливерпул» мухлисларини ранжитиб, 90+6-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Мавсум дебютантларига қарши қаторасига икки ўйинда очко йўқотган «Ливерпул» 8-ўринда қолмоқда.

Испания: Ферранда ҳет-трик

«Бетис» – «Барселона» 3:5
Голлар:
Антони, 6 (1:0). Торрес, 11 (1:1). Торрес, 13 (1:2). Баржи, 31 (1:3). Торрес, 40 (1:4). Ямал, 59 – пеналти (1:5). Лиоренте, 85 (2:5). Эрнандес, 90 –  пеналти (3:5)
«Бетис»: Валес, Натан (Лиоренте, 60), Бартра (Фирпо, 60, Родригес, 89), Гомес, Руибал, Пабло Форналс, Рока, Алтимира (Деосса, 46), Аззалзулий, Антони (П. Гарсия, 75), Эрнандес
«Барселона»: Х. Гарсия, Кубарси, Мартин (де Йонг, 63), Балде (Кристенсен, 46), Кунде, Э. Гарсия (Торрентс, 81), Педри (Бернал, 63), Барджи (Фермин Лопес, 68), Рэшфорд, Ямал, Торрес
Огоҳлантиришлар: Алтимира, 21. Деосса, 59. Руибал, 67. Гомес, 87 –  Мартин, 48. Кунде, 90

«Барселона» яна тезкор гол ўтказиб юборди. Бу голли комбинацияни каталонияликлар тарбияланувчиси Аззалзулий бошлаб берди, Антони эса ҳимоячиларнинг сунъий офсайд ҳосил қилишдаги хатосидан фойдаланиб, ҳисобни очди. Лекин Ҳанси Флик шогирдлари нафақат дарҳол ҳисобни тенглаштиришди, балки икки дақиқадаги икки гол билан ҳисобда олдинга ҳам чиқиб олишди. Асосий таркибдан Левандовскини сиқиб чиқарган Ферран Торрес Кунде ва Баржининг узатмаларини голга айлантирди.

«Барса» бу билан тўхташ ҳақида ўйламади ва бўлим ўрталаридан ўтганда Баржи кўк-анорранглилар сафидаги илк голини урди. Швециялик футболчи Педридан тўпни қабул қилиб олиб, яқин бурчакни аниқ нишонга олди. Шу ёзда «Копенҳаген»дан олиб келган вингер гол ва пас билан ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлиши мумкин эди. Аммо бу мақомни ундан бўлим охирида ҳет-трик қайд этган Ферран қайтариб олди. «Бетис» унинг учун Ла Лигадаги энг севимли рақибга айланди (7+2), у ўз фаолиятидаги икки ҳет-трикни ҳам ушбу жамоага қарши сафар ўйинларида нишонлаган. Иккинчи бўлимда Ямал пеналтидан ҳисобни ўта йирик кўринишга келтирди, ўйин охирида Лиоренте ва Эрнандес урган жавоб голлари эса амалда ҳеч нарсани ўзгартирмади. Энди Флик шогирдлари яна турнир жадвалида «Реал» билан орадаги фарқни тўрттага оширди, лекин мадридликлар тур доирасидаги ўйинни бугун «Селта»га қарши ўтказади.

«Атлетик» – «Атлетико» 1:0
Голлар:
Беренгер, 85 (1:0)
«Атлетик»: Симон, Паредес, Ляпорт (Вивиан, 33), Берчиче, Аресо (Горосабел, 82), Руис де Галаррета (Гомес, 66), Хаурегисар, Сансет (Исета, 82), Уилямс, Беренгер, Гурусета (Рего, 66)
«Атлетико»: Облак, Лангле (Руджери, 62), Пубил, Ганцко, Молина, Галлаҳер (Коке, 46), Барриос, Гонсалес (Распадори, 72), Симеоне, Алмада (Серлот, 62), Алварес (Гризманн, 66)
Огоҳлантиришлар: Хаурегисар, 14. Руис де Галаррета, 20. Ляпорт, 28 - Галлаҳер, 12. Коке, 90

Куннинг охирги ўйинини Беренгернинг голи безаб берди, у жарима майдони ташқарисида туриб, Нико Уилямснинг узатмасига бир тегинишда дарвозани ишғол этди. Ҳафта ўртасида «Реал»га йирик ҳисобда ютқазган басклар ниҳоят «Сан-Мамес»да байрам қилишди. «Атлетико»га қарши ўйиндаги ғалаба жамоа учун жуда муҳим эди, чунки бу ўйинда ҳам муваффақиятсизликка учралса, жамоа еврокубоклар учун курашда анча ортда қолиб кетиши мумкин эди. «Атлетико» учун эса вазият нисбатан яхши – бешинчи ўринда келаётган «Бетис» билан орадаги етти очколик фарқ сақланиб қолган.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид