Жаҳон | 10:14 / 08.12.2025
1680
4 дақиқада ўқилади

“Асадсиз келажак” шиорлари остида: Германияда сурияликларнинг оммавий акцияси

Башар Асад режими ағдарилганининг бир йиллиги арафасида сурияликлар Германиянинг бир қатор шаҳарларида оммавий байрам тадбирларини ўтказди, деб хабар қилмоқда немис ОАВ. Полиция маълумотларига кўра, тадбирлар тинч тарзда ўтган.

Фото: Michael Kuenne/PRESSCOV/ZUMA

Минглаб сурияликлар якшанба, 7 декабр куни, Германиянинг бир қатор шаҳарларида — Сурияда исёнчилар томонидан собиқ президент Башар Асаднинг диктаторлик режими ағдарилганининг бир йиллиги арафасида байрамона акциялар ўтказди.

WDR медиакомпанияси Эссен полициясига таяниб хабар беришича, Шимолий Рейн–Вестфалия федерал ерида жойлашган ушбу шаҳарда байрам тадбирларида тахминан 10 000 суриялик иштирок этган. Тушдан бошлаб одамлар марказий темирйўл вокзали атрофида тўплана бошлаган. Қўлларида Сурия байроқлари бўлган одамлар ҳаракатланган, автомашинада келганлар Сурия байроқларини осган ҳолда сигнал берган.

Куннинг иккинчи ярмида шаҳар марказида йўл участкаларининг одамлар билан тўлиб кетиши сабабли автотранспорт ҳаракати вақтинча издан чиққан. Полиция акция ўтказилаётган ҳудудни ўраб олган. Умуман олганда, тадбир тинч тарзда ўтгани қайд этилган, аммо полиция бир неча маротаба пиротехника ёқиш ҳолатларини ва “тақиқланган байроқ намойиш этилгани”ни ҳужжатлаштирган.

Берлинда, rbb медиакомпанияси хабар беришича, кўча байрамларида тахминан 3000 киши иштирок этган, гарчи полиция маълумотларига кўра, аввалдан фақат 300 киши келиши мўлжалланган эди. Улар Александерплац майдонидан Бранденбург дарвозасигача юриш уюштирган. Хабарда айтилишича, акция хотиржам ва тинч ўтган.

Саксоня-Анҳалт федерал еридаги Галле шаҳрида ҳам, Du bist Halle онлайн-нашри ёзишича, Асад режими ағдарилиши бир йиллигини нишонлаш учун юзлаб сурияликлар йиғилган.

Ушбу шаҳарлардаги тадбирларда қатнашганлар ва уларни ташкил этувчиларнинг сўзларига кўра, ватанида фуқаролик уруши бошланганда Германияга қочиб келган кўп сурияликлар Суриядаги ҳаёт шароити яхшиланиши билан бирга уйга қайтишга тайёр.

Nordkurier онлайн-нашри келтирган Марказий чет элликлар регистри маълумотларига кўра, 2025 йил сентябр охирига келиб Германия ҳудудида тахминан 948 000 нафар Сурия фуқароси бўлган. Бу — 2024 йил охирига нисбатан уч фоизга кам. Нашр таъкидлашича, ГФРда рўйхатдан ўтган сурияликлар сони камайишининг бир нечта сабаби бўлиши мумкин.

“Уларнинг бир қисми Германия фуқаролигини олди. 2023 ва 2024 йилларда мос равишда 75 500 ва 83 200 суриялик Германия фуқаролигини қўлга киритган. Шу тариқа сурияликлар Германия фуқаросига айланган энг йирик чет элликлар гуруҳини ташкил этмоқда”, — дейилади нашрда.

Ватанга қайтиш масаласида эса, Федерал статистика идораси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январидан сентябригача 21 800 суриялик Германияни тарк этган. Улар айнан қайси мамлакатларга кўчиб ўтгани статистикада кўрсатилмаган.

Башар Асад 2000–2024 йилларда Сурия президенти лавозимини эгаллаган. 2011 йилда у ҳукуматга қарши пайдо бўлган норозилик намойишларини куч билан бостирди, шундан сўнг мамлакатда фуқаролик уруши бошланди. 2015 йилдан эътиборан Асадга Россия фаол равишда ёрдам бера бошлади. Масалан, 2016 йилда Россия Ҳаво-космик кучлари Ҳалаб шаҳрини қаттиқ бомбардимон қилганидан кейин, ҳукумат қўшинлари Асадга қарши бўлган кучлардан ушбу шаҳарни қайта тортиб олди.

Халқаро ташкилотлар Асад ва унинг атрофидагиларни бир неча бор инсон ҳуқуқларини бузиш ва уруш жиноятларида айблаб келган. Улар орасида оммавий қатллар, кимёвий қуроллардан фойдаланиш ва фуқаролик объектларини бомбардимон қилиш ҳолатлари тилга олинган.

Ғарб мамлакатларининг кўпчилигида ва Россияда террористик гуруҳ сифатида тан олинган “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” гуруҳи ва унга иттифоқчи қуролли мухолифат тузилмалари 2024 йил ноябри охирида шимолдан Дамашқ томон илгарилаб, 2024 йил декабри бошида Сурия пойтахтига етиб боришга, шунингдек ҳукумат тузилмалари қаршилигисиз деярли бутун мамлакат бўйлаб ҳокимиятни қўлга киритишга муваффақ бўлди. Натижада президент Башар Асад ва унинг атрофидагилар ҳокимиятдан ағдарилди.

Қўшинлар ва хавфсизлик тузилмалари уришмай деярли бутунлай чекинган. Асад мамлакатни тарк этди ва Россиядан сиёсий бошпана олди.

Янги сурия ҳокимияти Россиядан уни экстрадиция қилишни талаб қилди, аммо Россия президенти Владимир Путин уни топширишдан бош тортди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид