Жаҳон | 14:26 / 08.12.2025
2097
3 дақиқада ўқилади

Германияда дронлар ва авиация билан боғлиқ ҳодисалар 40 фоизга кўпайди

ГФР авиадиспетчерлик хизмати маълумотларига кўра, 2025 йилнинг 11 ойида учувчисиз аппаратларнинг самолётлар билан хавфли яқинлашишига оид ҳолатлар сони ўтган йилга нисбатан деярли 40 фоизга ошган.

Фото: Andreas Gora/picture alliance

Германия ҳаво ҳудудида учувчисиз аппарат (дрон)лар билан йўловчи самолётларнинг хавфли яқинлашув ҳолатлари тобора кўпроқ қайд этилмоқда. 2025 йил январидан ноябригача авиация учун хавф туғдирган дронлар билан боғлиқ 208 та ҳодиса рўйхатга олинган. Таққослаш учун: ўтган йилнинг худди шу даврида 149 та бундай ҳолат қайд этилган, деб ёзади dpa агентлиги 7 декабр, якшанба куни, Германия парвозлар хавфсизлиги агентлиги (Deutsche Flugsicherung, DFS) маълумотларига таяниб.

Бу кўрсаткич 2024 йилдаги йиллик рекорд – 161 та ҳодисадан ҳам юқори. DFS маълумотларига кўра, одатда дронлар фуқаролик самолётларига ёки ҳаво транспорти инфратузилмаси объектларига хавфли даражада яқин келиб қолиши қайд этилади. Дронлар пайдо бўлиши сабабли аэропортлар иши бир неча бор вақтинча тўхтатилган. Уларни ким бошқараётгани эса кўп ҳолларда номаълум бўлиб қолмоқда. Ҳукумат органлари бу ҳодисалар ортида разведка ёки террорчи мақсадлар бўлиши эҳтимолини инкор этмаяпти.

Кўпинча дронлар ҳақидаги хабарлар ҳавога кўтарилаётган ёки қўнаётган самолётлар пилотларидан, шунингдек, диспетчерлик минораларидаги кузатувчилардан тушади. Бундан ташқари, жорий йилдан бошлаб федерал полиция бошқарадиган махсус дрон аниқлаш тизимлари ҳам қўллана бошлади. DFS таъкидлашича, мониторинг кучайгани ҳам қайд этилган ҳодисалар сони ошишига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

Агентлик маълумотларига кўра, дронларнинг деярли учдан тўрт қисми (74 фоизи) йирик аэропортлар яқинида пайқалган. Германиядаги энг йирик ҳаво ҳаби бўлган Франкфурт-Майн аэропортида 2025 йилнинг 11 ойи мобайнида 45 та ҳодиса қайд этилган, ўтган йилнинг худди шу даврида эса бор-йўғи 17 та ҳолат бўлган. Бир дрон оператори ушланган.

Дронлар ҳақида кўплаб огоҳлантиришлар Кёлн/Бонн (14 та ҳолат), Ҳамбург (13) ва Мюнхен (12) аэропортларида ҳам кузатилган. Берлин аэропортида 8 та ҳодиса қайд этилган.

Германия қонунчилигига кўра, учувчисиз аппаратлардан учиш-қўниш йўлаклари ҳудуди атрофида 1,5 километр радиусда фойдаланиш тақиқланган. Бундай қоидаларни бузиш ҳаво ҳаракатига хавфли тарзда аралашув сифатида баҳоланади ва унга нисбатан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид