Кўчмас мулк | 15:22 / 08.12.2025
3360
2 дақиқада ўқилади

Ижара бозорига янги қонунчилик қоидалари жорий этилади

Ижара муносабатларини тубдан янгидан тартибга солувчи янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжатга кўра, ижара тўғрисидаги алоҳида қонунчилик тизими яратилиб, давлат ва хусусий мулкни ижарага беришда очиқлик, рақобат ва электрон платформалар орқали шаффофлик таъминланади. Қонун 2027 йил 1 январдан кучга кириши мумкин.

Фото: Kun.uz

Янги ҳужжатда ижара тушунчаси, ижара муносабатларининг объект ва субъектлари аниқ белгилаб берилган. Мулкни ижарага беришда қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик, тенг рақобат, ишончлилик ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш устувор принцип сифатида белгиланган.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, давлат мулкини ижарага бериш ваколатли давлат органи, электрон онлайн-аукционлар ва E-ijara ахборот тизими орқали амалга оширилади. Ижара муносабатларида Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги марказ, Солиқ қўмитаси ва Кадастр агентлигининг ваколатлари алоҳида баён этилган.

Мулк ижараси шартномасини тузиш, унинг муддати, ижара ҳақи, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби батафсил тартибга солинган. Кўчмас мулк ижараси шартномасини маълум ҳолларда давлат рўйхатидан ўтказиш мажбурияти белгиланади, ижара ҳақини асоссиз оширишга йўл қўйилмаслиги қайд этилган.

Қонун лойиҳаси ер участкалари, давлат мулки, моддий маданий мерос объектлари, сув ҳавзалари, давлат иштирокидаги корхоналар мулки, нодавлат нотижорат ташкилотлари мулки ҳамда кўп квартирали уйлардаги умумий мол-мулкни ижарага беришнинг алоҳида тартибларини ҳам белгилайди.

Шу билан бирга, 1991 йилда қабул қилинган «Ижара тўғрисида»ги қонун ва у билан боғлиқ бир қатор ҳужжатлар ўз кучини йўқотган деб топилади. Янги қонун ижросини ва унинг моҳияти аҳолига етказиш Адлия вазирлиги ва манфаатдор идораларга юклатилиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид