Ўзбекистон | 15:07 / 08.12.2025
2169
1 дақиқада ўқилади

Нотариусликка талабгорлар учун мажбурий ўқув курслари тартиби тасдиқланади

Адлия вазирлиги нотариусликка талабгорлар учун мажбурий 72 соатлик ўқув курсларини жорий этади. 2026 йил 1 апрелдан кучга кирадиган низом лойиҳасига мувофиқ, нотариус бўлишни истаганлар институтда ёки масофавий тарзда ўқиб, синовдан муваффақиятли ўтганидан сўнг сертификат олади.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида нотариусликка талабгорлар учун мажбурий ўқув курсларини ташкил этиш тартиби белгиланади. Лойиҳага кўра, низом 2026 йил 1 апрелдан кучга киради.

Низом лойиҳасига кўра:

  • нотариусликка талабгорлар институт билан шартнома асосида 72 соатлик махсус ўқув курсларида таълим олади;
  • ўқув курслари институтда очиқ шаклда ёки масофавий тарзда ўтказилиши мумкин;
  • курс якунида тингловчиларнинг билими суҳбат шаклидаги синов имтиҳони орқали 100 балли тизимда баҳоланади;
  • имтиҳондан муваффақиятли ўтган талабгорларга сертификат берилади;
  • имтиҳондан ўтолмаганларга қайта топшириш имконияти бепул тақдим этилади;
  • натижалардан норози бўлган тингловчилар апелляция комиссиясига ёки судга мурожаат қилиши мумкин.

Ўқув дастурлари нотариат, фуқаролик ҳуқуқи, ворислик ҳуқуқи, коррупцияга қарши курашиш ҳамда нотариал ҳаракатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича назарий ва амалий машғулотларни ўз ичига олади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид