Жаҳон | 14:52
1209
3 дақиқада ўқилади

Суданда боғчага ҳужумдан сўнг ўнлаб болалар ҳалок бўлди

Суданда ҳарбийлашган тузилмалар болалар боғчаси ва шифохонага учувчисиз учиш аппаратлари (дрон) орқали зарбалар берди. Судан ТИВ Жанубий Кордофанда 79 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Мамлакат ҳозир дунёдаги энг даҳшатли гуманитар фожиалардан бирини бошидан кечирмоқда.

Фото: AFP

Суданда ҳарбийлашган қуролли гуруҳлар томонидан дронлар қўлланган ҳужумлар натижасида, ўнлаб тинч аҳоли, жумладан, болалар ҳам ҳалок бўлди. Жанубий Кордофан провинциясида болалар боғчаси ва шифохона ўққа тутилгани ҳақида якшанба, 7 декабр куни Калоуга маъмурияти раҳбари AFP агентлигига хабар берди.

БМТнинг Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФ 5 декабр куни аниқлик киритишича, ҳалок бўлганлар орасида 5 ёшдан 7 ёшгача бўлган 10 дан ортиқ бола бор. Судан ташқи ишлар вазирлиги эса бу аҳоли пунктида 43 бола ва жами 79 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

Маъмурият раҳбари ҳужумларда Тезкор реакция билдириш кучлари (RSF — Rapid Support Forces) ва улар билан боғлиқ, Жанубий Кордофаннинг катта қисмини назорат қиладиган SPLM-N исёнчи гуруҳини айблади. Унинг сўзларига кўра, аввал болалар боғчаси, сўнг шифохона, ундан кейин эса “болаларни хавфсиз жойга олиб чиқишни истаган” аҳоли зарба остида қолган.

«Мактабда (боғчада) болаларни ўлдириш — болалар ҳуқуқларининг даҳшатли бузилиши», — деди Судандаги ЮНИСЕФ вакили Шелдон Йетт. «Болалар ҳеч қачон можаро нархини тўламаслиги керак. ЮНИСЕФ барча томонларни дарҳол бу ҳужумларни тўхтатишга ва инсонпарварлик ёрдамига муҳтож бўлганларга хавфсиз ва тўсқинликсиз етиб бориш имкониятини таъминлашга чақиради», — дея қўшимча қилди у.

Жамғарма маълумотларига кўра, ўтган бир ой давомида шимолий ва жанубий Кордофанда зўравонлик кучайиши натижасида 41 000 дан ортиқ одам уй-жойини ташлаб қочишга мажбур бўлган.

2023 йил апрел ойи ўрталарида курашлар янги босқичга ўтганидан бери Судан энг оғир гуманитар фожиалардан бирини бошдан кечирмоқда. Кузда Шимолий Дарфур провинциясидаги Ал-Фашер шаҳрини Тезкор реакция билдириш кучлари (RSF) исёнчи гуруҳи қўлга киритгандан сўнг, у ерда фуқаролик аҳолисига нисбатан оммавий қирғин ва шафқатсизликлар содир этилган.

Можаронинг кескинлашуви RSF ва Суданнинг мунтазам армияси — SAF ўртасида RSF бўлинмаларини қуролли кучлар таркибига қўшиш шартлари борасида келишувга эриша олинмаганидан кейин бошланди. Инсонпарварлик ташкилотлари ва БМТ маълумотларига кўра, можаро бошланганидан бери 140 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. Суданнинг тахминан 51 миллионлик аҳолисининг ярми чет эл гуманитар ёрдамига муҳтож ҳолда яшамоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид