Жаҳон | 15:37 / 09.12.2025
3332
3 дақиқада ўқилади

Politico: Япония Россия активлари бўйича ЕИ режасини қўллаб-қувватламади

Ҳуқуқий хавотирлар туфайли Токио G7 мамлакатлари молия вазирлари учрашувида Украинага ёрдам кўрсатиш мақсадида РФнинг музлатилган активларидан фойдаланиш бўйича ЕИ режасига қўшилиш тўғрисидаги таклифни рад этди.

Фото: Werner Lerooy/Imago

Япония душанба, 8 декабр куни ўтказилган «катта еттилик» (G7) молия вазирлари учрашувида юридик хавотирлар туфайли Украинага ёрдам сифатида Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш режасига қўшилиш ҳақидаги ЕИ таклифини рад этди. Бу ҳақда душанба, 8 декабр куни Politico онлайн-нашри музокаралар жараёнидан хабардор бўлган икки европалик дипломатга таяниб хабар берди.

Қўшимча қилинишича, Япония ҳудудида урушга қарши санкциялар доирасида жами 30 миллиард доллар (тахминан 26 миллиард евро) миқдорида Россия активлари музлатиб қўйилган.

18–19 декабрга белгиланган ЕИга аъзо мамлакатлар раҳбарлари саммити олдидан Еврокомиссия Украинага ёрдам учун 210 миллиард еврогача бўлган Россия давлат активларидан фойдаланишга доир битимни мамлакатлар ўртасида келишиб олишга ҳаракат қилмоқда, деб эслатади мақола муаллифлари.

Бироқ бу ташаббусга Белгия қаршилик кўрсатмоқда — чунки бундай қадам музлатилган Россия активларининг 185 миллиард еврога яқини сақланаётган Euroclear Белгия депозитарийсига бўлган ишончни издан чиқариши мумкин. Қиролликда таъкидланишича, формал-юридик таърифларга қарамасдан, инвесторлар бу схемани депозитарийга ишониб топширилган активларни мусодара қилиш сифатида қабул қилади.

Шу фонда Белгия талаби шундан иборатки, ЕИдан ташқари бошқа G7 мамлакатлари ҳам ўз ҳудудларида музлатилган Россия активларидан фойдаланган ҳолда Украинага қарз бериши керак. Politico ёзишича, Буюк Британия ва Канада ЕИ режаси амалга оширилса, бундай схемага очиқ экани ҳақида сигнал берган. Аммо АҚШ ва Япония бундай тартибни рад этган.

ЕИ дипломати Politico’га маълум қилишича, G7 молия вазирлари учрашуви чоғида АҚШ Украинага ёрдам миқдорини G7 мамлакатлари томонидан собиқ президент Жо Байден даврида келишиб олинган кредит бўйича Киевга сўнгги траншлар тўланганидан кейин қисқартиришини билдирган.

Нашр ҳисоб-китобларига кўра, Россия агрессиясидан ҳимояланишда давом этаётган Украина келаётган йилда 71,7 миллиард евро миқдоридаги бюджет тақчиллигига дуч келади. Агар янгидан молиявий ресурслар келиб тушмаса, апрел ойидан бошлаб Украина давлат харажатларини қисқартиришга мажбур бўлади, дея таъкидланади мақолада.

Евроиттифоқда куз бошидан бери Украинага 2026 ва 2027 йилларда тахминан 140 миллиард евро миқдорида «репарацион қарз» ажратиш имконияти муҳокама қилинмоқда. Бу кредитни таъминлаш сифатида Европада музлатиб қўйилган Россия Марказий банки захираларидан фойдаланиш режалаштирилган.

Бунда юридик жиҳатдан бу маблағлар мусодара қилинмайди, аммо Россия уларни фақат Украинага репарация тўлаганидан кейингина қайтариб олиш имконига эга бўлади. Киев эса, ўз навбатида, Россия томонидан тўланган репарациялар ҳисобига ЕИдан олган «репарацион кредит»ни қайтариб боради.

Ушбу ғояни Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ва Германия канцлери Фридрих Мерц фаол қўллаб-қувватламоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид