Жаҳон | 07:30
976
4 дақиқада ўқилади

БМТ прогнози: дунё аҳолиси ўсиши Африка ва Шимолий Америкага силжийди

Жорий аср охирига бориб, сайёра демографик манзараси бугунгидан кескин фарқ қилади.

Фото: Надежда Буаллаг / Коммерсантъ

БМТнинг Аҳолишунослик бўлими прогнозига кўра, аҳоли ўсиши асосан Африка ва Осиёнинг айрим ҳудудларида жамланади, Европа, Америка ва Океанияда эса ўсиш секинлашади ёки узоқ муддатли қисқариш кузатилади.

Бу ўзгаришлар яқин ўн йилликларда иқтисодиётни, миграция оқимларини ва геосиёсий кучлар мувозанатини тамоман ўзгартириб юбориши кутилмоқда.

Сўнгги баҳоларга кўра, 2100 йилга бориб Африка аҳолиси 3,8 миллиард кишига етади — бу ҳозирги кўрсаткичдан уч баравардан кўпроқ. Ҳозир дунё аҳолисининг қарийб 60 фоизи яшайдиган Осиё аҳолиси эса тахминан 4,6 миллиардгача қисқаради.

Шу орада Европа аҳолиси прогнoзларга кўра 592 миллион кишигача тушиб кетади, Лотин Америкасида эса аҳоли 380 миллионгача камаяди — бу аҳолининг қариши ва туғилиш даражасининг барқарор пастлиги билан изоҳланади. Шимолий Америка аҳолиси асосан миграция ҳисобига салмоқли бўлмаган тарзда 710 миллионгача ўсади, Океанияда эса аҳоли 73 миллионга етади.

World Visualized

Бу рақамлар кўплаб давлатлар аллақачон жиддий демографик муаммоларга дуч келаётган бир даврда эълон қилинмоқда. 2025 йилда Япония ва Италия каби мамлакатлар ишчи кучининг қисқариши ва боқимандалик коэффициентининг ортишига мослашишга мажбур бўлмоқда. Бу эса ҳукуматларни меҳнат сиёсати, иммиграция қоидалари ва ижтимоий таъминот тизимларини қайта кўриб чиқишга ундамоқда.

БМТ бир неча бор демографик номутаносиблик иқтисодий ўсиш, энергия истеъмоли ва ҳатто иқлим стратегияларига таъсир кўрсатадиган асосий глобал муаммога айланаётгани ҳақида огоҳлантирган.

Африкада кутилган демографик «портлаш» қитъанинг ёш аҳоли таркиби ва соғлиқ кўрсаткичларининг яхшиланиши билан изоҳланади. Ҳозир Африкада ўртача ёш тахминан 19 ёшни ташкил этади, Европада эса бу 42 ёш атрофида.

Агар бу ўсиш оқилона бошқарилса, XX аср охирида Хитойнинг жадал ривожланишига туртки бўлган демографик «шиддат»га ўхшаш ҳолда, кучли иқтисодий драйверга айланиши мумкин. Бироқ БМТ огоҳлантиради: таълим, инфратузилма ва иш ўринлари яратишга жиддий инвестицияларсиз бу қадар тез ўсиш ижтимоий тенгсизликни кучайтириши ва давлат хизматларини кескин зўриқтириши мумкин.

Осиё аҳолисининг кутилган қисқариши эса мутлақо бошқа муаммони акс эттиради. Хитойда аҳоли қисқариши аллақачон бошланган, Ҳиндистон эса тахминларга кўра, аср ўрталарига бориб барқарорлашиб, шундан сўнг пасайиш фазасига ўтади.

Туғилиш даражасининг пасайиши — кўпчилик Осиё мамлакатлари учун умумий тенденция — келажакдаги иқтисодий самарадорлик бўйича хавотир уйғотмоқда. Қатор Осиё давлатлари ҳукуматлари туғилишни ошириш учун молиявий имтиёзлар таклиф қилмоқда, бироқ ҳозирча бу чораларнинг натижалари камтарона, сезиларли эмас.

Шу билан бирга, Европа ва Лотин Америкасининг бир қисми дунёдаги энг тез демографик қисқаришга дуч келиши мумкин. Бу минтақаларда аллақачон мактаблар ёпилиши, ишчи кучининг етишмаслиги ва иқтисодиётни ушлаб туриш учун миграцияга боғлиқлик ортиб бораётгани кузатилмоқда.

Шимолий Америка эса, асосан миграция ҳисобига, нисбатан демографик барқарорлиги билан ажралиб туради. Хусусан, АҚШ ишчи кучини кенгайтириш учун мигрантлар оқимига таянишда давом этмоқда — чегара назорати ҳақидаги сиёсий баҳсларга қарамасдан. АҚШнинг амалдаги иқтисодий қонунчилиги ва сайловолди мунозаралари миграция мамлакат аҳолиси узоқ муддатли ўсишининг ҳал қилувчи омилларидан бири бўлиб қолишини кўрсатмоқда.

Океания аҳоли сони жиҳатидан ҳали ҳам кичик бўлиб қолади, аммо ўсишни давом эттиради ва шу билан бирга иқлим ўзгаришига боғлиқ ўзига хос муаммоларга дуч келади. Денгиз сатҳининг кўтарилиши Тинч океанидаги бир қатор орол давлатларга таҳдид солмоқда, бу эса аср охиригача бўлган даврдан анча олдин кўчириш ва миграция коридорларини яратиш ҳақидаги баҳсларни келтириб чиқарган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид