Жаҳон | 14:04 / 10.12.2025
1009
4 дақиқада ўқилади

Германияда РФ фойдасига жосусликда гумонланган уч киши устидан суд бошланди

Арманистон, Россия ва Украинадан бўлган уч нафар шахсга Германия ҳудудида Россия махсус хизматлари фойдасига фаолият юритган, деган айблов қўйилган. Бу ҳаракатлар буюртма асосида қотилликка олиб келиши мумкин бўлган, деб ҳисобланмоқда.

Фото: Boris Roessler/dpa

Франкфурт-Майндаги Олий ер судида сешанба, 9 декабр куни, прокуратура фикрига кўра Россия фойдасига жосуслик билан шуғулланган уч эркак устидан суд жараёни бошланди. Уларга Россия Федерацияси махсус хизмати учун ишлаган, деган айблов қўйилган. Федерал прокуратура вакили айбловни ўқиб эшиттириш чоғида тахмин қилинаётган агентлар, эҳтимол, бир шахсни ўлдиришга тайёргарлик кўргани ҳақида билдирди. Айбланувчилар — Вардгес И., Роберт А. ва Арман С. мос равишда Арманистон, Украина ва Россия фуқароларидир.

Учаласи ҳам 19 июн куни Гессен федерал ери жиноят ишлари бўйича идораси ходимлари томонидан қўлга олинган, орадан бир сутка ўтгач эса улар Федерал суд палатаси тергов судяси ҳузурига олиб келинган. Судя учаласини ҳам қамоққа олишга ордер берган ва уни ижро этишни топширган. Германия бош прокурори идораси баёнотида таъкидланишича, айбланувчилар хорижий разведка хизмати топшириғи билан Германияга бу ерда бўлган «Украинадан келган шахс тўғрисида маълумот тўплаш» учун келган. Қўлга олиш куни улар Франкфурт-Майндаги кафе ортидан кузатув олиб борган, у ерга айнан шу киши келиши керак эди.

Айблов томони маълумотига кўра, 43 ёшли Вардгес И. 2024 йил май ойида Россия махсус хизматидан Германияда истиқомат қилаётган «Украинадан бўлган эркак»ни кузатиш топшириғини олган. Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузи бошланганидан кейин бу эркак Украина Қуролли кучлари таркибида жанг қилган. Россия унга қарши, жумладан асирга олинган рус аскарларини отиб ташлашда иштирок этган, деган «ҳарбий жиноятлар» бўйича айбловлар қўйган ва шу асосда Арманистон фуқаросига «вазифа» берган. Суд материалларига кўра, айбланувчи бу топшириқни бажариш учун икки шахсни ёллаган.

2024 йил июн ойида кузатув остидаги эркакни Франкфурт-Майндаги кафелардан бирига сохта баҳона билан таклиф қилишган, айбланувчилар бу ерда у ҳақда «батафсилроқ маълумот» олиши керак эди. Бироқ бу собиқ ҳарбий немис полициясига мурожаат қилгани боис, операция барбод бўлган, дея аниқлик киритади айблов томони. Шу билан бирга, Германияда ҳам бу шахсга нисбатан тергов ишлари олиб борилаётгани dpa агентлиги томонидан қайд этилган.

Судда келтирилган маълумотларга кўра, ушбу жосуслик Россия махсус хизматларининг Германиядаги кейинги операцияларига — ҳатто қотилликка тайёргарлик кўришга хизмат қилган бўлиши мумкин. Айбланувчилар қўлга олинган пайтдан бери тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.

Dpa агентлиги хабар беришича, Вардгес И. ҳимоячилари судда айбловларни рад этган. Уларга кўра, айблов томони келтирган далиллар тўлиқ эмас, воқеанинг бошқа эҳтимолий ривожланиш вариантлари ўрганилмаган. Шунингдек, эҳтимолий буюртмачи билан Россия махсус хизмати ўртасидаги боғлиқлик ҳам аниқ эмас, унинг ўша оқшомдаги хатти-ҳаракатлари эса «махсус хизматлар профессионал фаолиятига хос эмас», дея таъкидлади ҳимоячилардан бири.

Украина фуқароси Роберт А.нинг адвокати ҳам мижозининг номидан айбловларни рад этди. Унинг айтишича, мижозини «тажовузкор Россия» фойдасига ишлаган, деб айблаш ҳақоратлидир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид