Жаҳон | 15:30
1082
4 дақиқада ўқилади

Мерц: Америкаликлар Европа демократиясини қутқариши шарт эмас

Германия канцлери АҚШнинг янги миллий хавфсизлик стратегиясини танқид қилди. У ҳужжатдаги айрим қоидаларни «Европа нуқтаи назаридан қабул қилиб бўлмайдиган» деб атади.

Фото: Lisi Niesner/REUTERS

ГФР канцлери Фридрих Мерц ўтган ҳафта эълон қилинган АҚШнинг янги миллий хавфсизлик стратегиясида Европага нисбатан билдирилган танқидларни кескин рад этди. Чоршанба, 9 декабр куни Рейнланд-Пфалцга амалга оширган ташрифи чоғида журналистлар олдида сўзлар экан, у ҳужжат мазмуни умуман олинганда кутилмаган нарса эмаслигини, аммо айрим бандлари Европага мос тушмаслигини билдирди.

Мерцнинг айтишича, ҳужжат мазмуни АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс феврал ойида Мюнхен хавфсизлик конференцияси (MSC)да айтган фикрларига мос келади. «(Стратегиядаги – таҳр.) айрим нуқталар бутунлай тушунарли, айримларини изоҳлаб бериш мумкин, аммо баъзилари Европа нуқтаи назаридан биз учун мутлақо қабул қилиб бўлмайдигандир», — деди канцлер. «Мен Европа демократиясини энди америкаликлар қутқариши керак деган эҳтиёжни кўрмаяпман. Агар уни қутқариш керак бўлганида, биз буни ўзимиз уддалаган бўлардик», — деб таъкидлади у.

Германия ҳукумати раҳбари АҚШни тобора кучайиб бораётган яккаланиш хавфидан огоҳлантирди ва Германиянинг шериклик таклифини билдирди. Мерцнинг тушунтиришича, у америкаликлар билан музокараларда «Америка — аввало» тамойили (America First)ни қабул қилиш мумкинлигини таъкидлайди, аммо «Америка — ўзи билан ўзи» (America alone) шиори АҚШ манфаатларига мос келмаслигини кўрсатади.

«Сизларга ҳам дунёда ҳамкорлар керак, шундай ҳамкорлардан бири Европа бўлиши мумкин. Агар Европа билан умумий тил топа олмасангиз, камида Германияни ўзингизга шерик қилиб олинг», — деди ГФР канцлери.

Мерцнинг фикрича, умумий мақсад — «қитъада эркинлик, хавфсизлик ва тинчликни сақлаб қолиш»дан иборат. «Ва мен америкаликлар бу йўлда ортимиздан эргашади, буни ўз манфаатлари нуқтаи назаридан ҳам тўғри ва зарур, деб ҳисоблайди, деган умиддаман. Агар шундай бўлмаса, бунга тайёр туришимиз керак», — дея хулоса қилди ҳукумат раҳбари.

АҚШнинг янги миллий хавфсизлик стратегияси 5 декабр куни Оқ уй сайтида эълон қилинди ва турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Ҳужжатда Европадаги вазият қаттиқ танқид остига олинган. АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти баҳосига кўра, Европанинг жиддий муаммолари қаторига миграция сиёсати, «сўз эркинлигига нисбатан цензура ва сиёсий мухолифатни бостириш, туғилиш кўрсаткичининг кескин пасайиши, шунингдек, миллий ўзликни йўқотиш» киради.

АҚШ вице-президенти Вэнс 14 феврал куни Мюнхен хавфсизлик конференциясида сўзлар экан, Европа давлатларининг миграция, сўз эркинлиги ва хавфсизлик соҳасидаги сиёсатини танқид қилган эди. «Европага нисбатан мени энг кўп хавотирга соладиган таҳдид — бу Россия ҳам эмас, Хитой ҳам эмас, бошқа бирорта ташқи омил ҳам эмас. Мени ташвишга соладиган таҳдид — бу ичкаридаги хавф, Европа АҚШ билан бўлишадиган энг муҳим қадриятларидан айримларидан чекиниб бораётганидир», — деган эди у ўшанда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид