Жамият | 08:08
2446
1 дақиқада ўқилади

Миробод туманида содир бўлган ЙТҲ оқибатида пиёда ҳалок бўлди

9 декабр куни кечқурун Тошкент шаҳар Миробод тумани Ислом Каримов кўчасида автобус ва енгил автомашина иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида пиёда воқеа жойида вафот этди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ хабарига кўра, жорий йил 9 декабр куни соат тахминан 22:30 ларда Yutong русумли электробус ҳайдовчиси Ислом Каримов кўчасида ҳаракатланиб келар экан, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган.

Зарба оқибатида пиёда қарама-қарши йўналиш томонга йиқилиб, шу йўналишда ҳаракатланиб келаётган Haval русумли енгил автомашинаси ҳам уни уриб юборган.

Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида пиёда олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида ҳалок бўлди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ барча йўл ҳаракати иштирокчиларидан йўл қоидаларига қатъий риоя қилишни, айниқса, пиёдалар ўтиш жойлари ва аҳоли зич ҳудудларда янада эҳтиёткор бўлишни сўраган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид