Жамият | 15:22 / 10.12.2025
2282
2 дақиқада ўқилади

Зангиотада кучли таъсир қилувчи дори воситалари омбори фош этилди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Зангиота тумани бўлими, ДХХ ва Божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳридаги ижара хонадонда умумий баҳоси 1,5 млрд сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний сақланаётган омбор фош этилди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Зангиота тумани бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона органлари ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.

Тезкор тадбир давомида қонунга хилоф равишда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган А.Х. Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги хонадонни ижарага олиб, уни ноқонуний дори омборига айлантиргани аниқланди.

Ушбу хонадондан хорижда ишлаб чиқарилган, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган қуйидаги дори воситалари топилди ва ашёвий далил сифатида олиб қўйилди:

  • 15 330 дона Pregabalin Capsules;
  • 1 196 дона Chorionig Gonadotropxin Injection;
  • 1 175 дона Sodium Chloride Injection I.P;
  • 501 дона Iron Sucrose Injection.

Бундан ташқари, дори воситаларини қадоқлаш ва савдога тайёрлаш мақсадида сақлаб келинган 39 турдаги 4 125 та дори қутилари ва йўриқномалари ҳам аниқланди. Умумий зарар қиймати тахминан 1,5 млрд сўм этиб белгиланмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ва уларга доир маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ёки намойиш этиш) билан жиноят иши қўзғатилди ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мутасадди органлар кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича тезкор ва қатъий чоралар амалга оширилишини таъкидламоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид