Жамият | 08:48 / 11.12.2025
2364
2 дақиқада ўқилади

Пойтахтда чегарадан ноқонуний ўтказилган кучли дорилар аниқланди

Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида давлат чегараси орқали ноқонуний олиб кирилган, умумий қиймати 1,5 млрд сўмлик кучли таъсир қилувчи “Прегабалин” моддалари ҳамда сифат сертификатисиз кўп миқдорда дори воситалари аниқланди.

Фото: ДХХ

ДХХ Чегара қўшинлари томонидан Давлат чегараси орқали гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида ИЖҚК департаменти ва божхона идоралари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.

Аввалдан кузатувга олинган, 1994 йилда Андижон вилоятида туғилган шахснинг Тошкент шаҳрида ижара асосида яшаб келаётган хонадонида чегарадан ноқонуний олиб ўтилган психотроп моддаларни сақланаётгани ҳақида маълумот олинган.

Холислар иштирокида хонадон кўздан кечирилганда, тахминий қиймати 1,5 млрд сўмлик 15 330 дона “Прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддалари борлиги аниқланди. Шунингдек, мазкур хонадон ётоқхонасида сақланаётган умумий қиймати 100 млн сўмлик, сифат сертификатига эга бўлмаган 3 хил турдаги 2 872 дона тиббий дори воситалари, қутилар ва йўриқномалар топилиб, тегишли тартибда расмийлаштирилди.

Ўтказилган дастлабки сўровда, ушбу шахс мазкур дориларни Ҳиндистондан мамлакатга ноқонуний йўллар билан олиб киргани ҳамда пойтахтдаги мижозларга сотишни режалаштирганини маълум қилган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 251¹-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид