Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Емаган сомсамга пул тўлаяпман” - сурхондарёлик аёл тергов ва суддан норози
Сурхондарёда тергов ва суд органларининг кучи икки болани вояга етказаётган ёлғиз аёлга етган кўринади - оиланинг ягона боқувчисига қўлланган адолатсиз ҳукм сабаб уч жон ночор аҳволга тушиб қолган. Гап шундаки, Узун туман ободонлаштириш бўлими қабристон назоратчисининг айби учун кадрлар бўйича мутахассис жазоланди. Ҳуқуқ ҳимоячиси бу борада шундай дейди: «асл ўғри-коррупционерларни кечириб, жамиятдаги заиф қатлам бўлган аёлларга нисбатан бу муносабатни давлат сиёсатига саботаж дейиш мумкин».
Узун туманида оддий бир текширув ортидан бошланган жараён боқувчисиз бир оиланинг хонавайрон бўлиши билан давом этяпти. Энг ажабланарлиси: бир ходим иш даврида Термиздаги диний мактабда ўқиган ва буни ташкилотдан бекитган. Жавобгарлик ва жазо эса кадрлар бўлими мутахассиси — Ирода Шарипова зиммасига юкланган. Биз билан боғланган аёл ўзига нисбатан чиқарилган суд қарори оиланинг шундоқ ҳам енгил бўлмаган ҳаётини баттар боши берк кўчага тиққанини, бунинг жабрини икки боласи ҳам тортаётганини айтди.
“2025 йил 25 октябр куни Қизириқ туман суди томонидан менга нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 1-қисми, 228-модданинг 1-қисми билан айбли деб топилиб, 45-моддани қўллаб 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлашдан маҳрум қилиниб, иш ҳақимнинг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 9 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Бунинг сабаби эса Узун тумани қабристон назоратчиси вазифасида ишлаб келган Абубакр Ҳотамов исмли ходим 2022 йил сентябрдан 2025 йил апрелигача ўз хизмат фаолиятида ишлаб турган ҳолда қўшимча равишда Термиз шаҳридаги Имом Термизий номли ўрта махсус касб-ҳунар диний мактабида таълим олиб келган, бундан раҳбариятни хабардор қилмаган”, - дейди Ирода Шарипова.
Тумандаги ободонлаштириш бўлимида 200 га яқин ходим ишлайди. Айнан Ҳотамов ишлаган ҳудуд Иродадан 35-40 км узоқда, уни ҳар куни назорат қилишга имкон йўқ ва у бўлим бошлиқлари берган ҳисоботга кўра иш ҳақи ёзган. Ишга гувоҳ сифатида жалб этилган Абубакр Ҳотамов ҳам Шарипованинг айби йўқлигини айтган.
Ёмоннинг кучи япалоққами?
Абубакр Ҳотамов жиноят ишига гувоҳ сифатида жалб қилинган ва Шарипованинг бу ишлардан мутлақо бехабар эканлигини айтган:
“Узун тумани Ободонлаштириш бошқармасида қабристон назоратчиси лавозимида ишлаб, ўзимга бириктирилган 11 та қабристонлар тозалигини, ўлим дафтарларини, қабристон ишчиларининг ишга келиб-кетишларини назорат қилганман.
Термиз шаҳридаги “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълимий муассасасининг талабаси бўла туриб, 2022 йил сентябрь ойидан 2025 йил апрель ойига қадар ўқишда бўлган давр учун жами мажбурий ушланмалардан ташқари 51 326 966 сўм иш ҳақи олганман. Узун туман прокуратураси томонидан Ободонлаштириш бошқармасида ўтказилган текширишда бу ҳолат юзага чиқди. Ҳафтада 6 кун душанбадан шанбага қадар ўқишда бўлганман. Иш вақти соат эрталаб 8 дан соат 16 гача эди, ҳар куни соат 8 дан 14 гача дарсда бўлар эдим. Дарсдан чиқиб соат 14:30 дан кейин ишга келиб берилган топшириқларни бажарганман. Бирор марта бошқарма раҳбарияти ёки кадрлар бўлими бошлиғи И. Шариповага ўқишда эканлигимни айтмаганман. Менга бириктирилган қабристонларда жами 13та қоровул бор эди ва уларга табел тўлдириб, ўзим имзо чекиб кадрлар бўлими бошлиғи И. Шариповага топширганман. Менинг ишга келган-келмаганимни Шарипова назорат қилмаган. Мен ишлайдиган қабристон ундан 40 километр узоқда, бизнинг ишларимизни объектларни сақлаш бўлими бошлиғи Бўронов текширарди, у асосан тушдан кейин келарди бизнинг ишимизни текширишга”, - деган у ўз кўрсатмасида.
Юқорида тилга олинган Ҳотамовнинг фаолиятини назорат қилиш Ироданинг ваколатига кирмаса-да, раҳбарият ҳам бу ерда беэътиборлик қилганини тан олса-да, камомад қопланса-да Ирода айбдор деб топилган. Қисқагина воқеанинг узун тарихи Ироданинг кичкина оиласига катта кулфат бўлиб келган. Чунки у ёлғиз боқувчи, икки фарзандининг таъминотчиси. У суд ҳукмидан норози, аммо апелляцияга ариза бериш учун адвокат ёллашга имкони йўқ. Турмушидан ажрашган ва вояга етмаган 2 фарзандини ўзи таъминлайди, собиқ турмуш ўртоғи Тожикистон фуқароси бўлгани сабаб алимент ҳам ололмайди.
Ҳозир у кам иш ҳақи оладиган жойда ишлайди ва унинг ҳам 20 фоизи давлат ҳисобига ўтади. Қиш келган бўлса-да 12 ва 14 ёшли болалари ҳалигача юпун кийимларда мактабга қатнашади. Нафақадаги ота-онасидан бошқа ҳеч кими йўқ.
Ҳуқуқ ҳимоячилари бу вазият аёлга нисбатан адолатсизлик эканлигини айтишди.
“Суд ҳукмига қарасак, у ҳақиқатан шундай жазо оладиган даражадаги мансабдор шахсми ёки бу жиноятнинг мотивлари нимадан келиб чиқди деган саволлар юзага келади. Шу нуқтайи назардан Шариповага нисбатан чиқарилган суд қарорини бирмунча адолатсиз дейиш мумкин. Чунки тергов органи уни ўта жиддий айбловларда айблаган. Яъни у бор-йўғи кадрлар бошқармасида оддий нозир. Уни мансаб сохтакорлиги, совуққонлиги, коррупцияга оид айбловлар билан айблашган. Ўғрилар, коррупционерларни кечириб, жамиятдаги заиф қатлам бўлган аёлларга нисбатан бу муносабатни давлат сиёсатига саботаж дейиш мумкин.
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг аёллар ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган қадамлари доим мени илҳомлантириб келган. Чунки жамиятнинг катта қисми аёллардан иборат экан, уларнинг фаоллигини инобатга олиш керак. Бунга суд, прокуратура органлариям мослашиши керак. Давлат сиёсати аёлларнинг ижтимоий ҳимоясига қаратилган бир пайтда бу иш сиёсатга қарши қаратилган адолатсизлик дейиш мумкин”, - дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов.
Бир аёл ва икки боланинг тақдири устидан чиқарилган ҳукм яна бир бор хулоса талаб қилади. Сурхондарё вилояти, Қизириқ тумани мутасаддиларидан бу масала юзасидан ўрганиш кутиб қоламиз.
Гулмира Тошниёзова. Kun.uz
Мавзуга оид
20:51 / 10.12.2025
Ўзбекистонда 11 ойда 184 киши пора олгани учун судланди
19:11 / 26.11.2025
Дунёда ҳар 10 дақиқада бир аёл ёки қиз оила аъзосининг қўлидан ҳалок бўлмоқда – БМТ
14:43 / 26.11.2025
“Ходимларим солиқчининг уйига киришдан аввал эшикни тақиллатишган” – собиқ ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев кўрсатмаси тингланди
14:58 / 19.11.2025