Жаҳон | 09:37 / 13.12.2025
1262
3 дақиқада ўқилади

Швейцария Россияга қарши ЕИнинг 19-санкция пакетини қўллаб-қувватлади

Швейцария Россиянинг 22 фуқароси ва 42 корхонасининг активларини музлатди — шу тариқа ЕИнинг РФга қарши 19-санкция пакетини қўллаб-қувватлади.

Фото: Getty Images

Швейцария Украинага ҳужум учун Россияга қарши жорий этилган Европа Иттифоқининг 19-пакет санкцияларига қўшилди. Чекловлар рўйхатини мамлакатнинг Иқтисодиёт, таълим ва фан вазирлиги эълон қилди. Янги чоралар шанба, 13 декабрдан кучга киради. Хусусан, 22 нафар жисмоний шахс ва 42 та компаниянинг активлари музлатилди. Шунингдек, 116 та кемани сотиб олиш, сотиш ва техник хизмат кўрсатиш тақиқланди — уларнинг катта қисми Россиянинг “соя флоти”га киради. Бундан ташқари, Швейцария ҳокимияти, жумладан учинчи мамлакатларда жойлашган 45 та фирманинг экспорт етказиб беришини янада кучайтирилган тартибда назорат қилади.

Бундан ташқари, бешта рус банки ва уларнинг бошқа мамлакатлардаги тўртта филиалига швейцариялик контрагентлар билан операциялар ўтказиш тақиқланди. Бу чора учинчи мамлакатларда фаолият юритаётган яна саккизта компанияга ҳам таъсир қилади. Қарор шу билан изоҳланганки, мазкур корхоналар санкцияларнинг мақсадини — РФнинг ҳарбий-саноат мажмуасига танқидий аҳамиятга эга товарлар етказиб берилишининг олдини олишни “жиддий равишда издан чиқаради”.

Швейцария ЕИ томонидан 19-пакет доирасида Беларусга нисбатан жорий этилган тақиқловчи чораларни ҳам инобатга олди. Хусусан, икки нафар жисмоний шахс ва учта компаниянинг активлари музлатилди. Бу шахсларга ҳам, худди санкциялар рўйхатига киритилган Россия фуқаролари каби, Швейцарияга нафақат кириш, балки унинг ҳудуди орқали транзит ўтиш ҳам тақиқланади.

2025 йил 23 октябрда Европа Иттифоқи Украинада давом этаётган уруш сабаб Россияга қарши 19-пакет санкцияларни қабул қилди. Хусусан, у РФдан суюлтирилган табиий газ (LNG) етказиб беришни босқичма-босқич тақиқлашни назарда тутади. Кутилишича, қисқа муддатли шартномалар олти ойдан сўнг амалдан тўхтайди, узоқ муддатли шартномалар эса 2027 йил 1 январдан тўхтатилади.

Шунингдек, санкция рўйхатларига бошқалар қаторида Ҳонгконг, Хитой, Ҳиндистон ва Таиланд компаниялари ҳам киритилди. Шахсий чекловлар Беларусдан “Белнефтехим” концерни раиси Иля Икан ва “Горизонт” ҳолдинги бош директори Юрий Предкога нисбатан жорий этилди. Шунингдек, Москвадаги ВШЭ университети ректори Никита Анисимов ва Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари лавозимидаги Дмитрий Медведев ёрдамчиси Олег Осипов ҳам санкциялар остига тушди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид