Жаҳон | 14:23 / 13.12.2025
2943
3 дақиқада ўқилади

Трамп Украинанинг Россия “соя флоти”га зарба беришини маъқуллади

Трамп маъмурияти амалда Киевга халқаро сувларда РФнинг нефт логистикасига зарба беришга рухсат берди. The Atlantic маълумотига кўра, АҚШ Украинага Россиянинг энергетика объектларини нишонга олиш учун разведка маълумотларини ҳам тақдим этган.

Фото: Turkish Directorate General for Maritime Affairs/Handout via REUTERS

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти амалда Украинага Россиянинг “соя флоти”га зарба бериш учун “яшил чироқ” ёқди, деб хабар берди The Atlantic нашри пайшанба, 10 декабр куни АҚШ ва Украина амалдорларига таяниб. Нашр қайд этишича, Жо Байден даврида Вашингтон кескинлашувдан қўрқиб, халқаро сувларда Россия кемаларига ҳужумларга қарши чиққан бўлса, республикачилар маъмурияти келиши билан ёндашув ўзгарган.

The Atlantic маълумотларига кўра, Трамп халқаро сувларда РФнинг нефт логистикасига зарбаларга қарши бўлмаган ва айрим ҳолларда Киевга Россия нефт инфратузилмаси объектларини нишонга олишда разведка маълумотларини узатишни маъқуллаган.

Сўнгги ҳафталарда Украина АҚШнинг Киевга тинчлик музокараларини тезлаштириш бўйича босими фонида Россия нефтини ташиган “соя флоти”нинг бешта танкерини портлатган (ишдан чиқарган). Қора денгиздаги ҳужумлар учун масъулиятни Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) ўз зиммасига олган. Москва эса бу воқеаларни “денгиз қароқчилиги” деб атаб, Украина товарларини олиб чиқаётган кемаларга ҳам зарбалар билан жавоб қайтариши тўғрисида таҳдид қилган.

Нефт логистикаси атрофидаги қарама-қаршилик кемаларни суғурталаш нархлари ошишига олиб келган. The Atlantic таъкидлашича, Трампнинг омма олдида “тинч йўл билан ҳал этиш”га интилиш ҳақидаги баёнотларига қарамасдан, унинг маъмурияти Киевнинг Россия нефт секторини заифлаштириш истагини қўллаб-қувватлаган. Октябрда Вашингтон “Роснефть” ва “Лукойл” компанияларига қарши санкциялар жорий этган — бу Россия экспортининг бир қисмини фалажлаган ва жаҳон бозорида Россия нефти нархини пасайтирган.

The Atlantic маълумотларига кўра, АҚШ глобал энергетика бозори учун хатарларни тан олади, аммо бундай зарбаларни Владимир Путинга босим ўтказиш воситаси деб ҳисоблайди. Вашингтон Россия нефт логистикасининг заифлашиши Кремлни тинчлик музокараларини бошлаш йўлларини фаолроқ қидиришга ундайди, деб умид қилмоқда.

Украинанинг собиқ инфратузилма вазири Александр Кубраков, илгари фуқаролик кемаларига ҳужумларга қарши чиққан бўлса-да, энди бундай тактикани қўллаб-қувватламоқда. У кескинлашув ўзини оқлаши мумкинлигини айтиб, шундай деди: “Агар бу Путинни музокара столига ўтиришга мажбур қилса, бундан фойдаланиш мумкин”.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид