Жамият | 18:10
16962
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда яшовчи шахс уйини таъмирлаш чоғида граната ва бошқа қуролларни топиб олди

У Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига қўнғироқ қилиб, уйини таъмирлаш вақтида ертўладан қурол ва ўқ-дорилар топгани ва уларни топшириш ниятида эканини билдирган.

Тошкентда 38 ёшли фуқаро уйини таъмирлаш чоғида қурол, ўқ-дорилар ва портловчи моддалар топиб олди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, 2 декабр куни у Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига қўнғироқ қилиб, уйини таъмирлаш вақтида ертўладан қурол ва ўқ-дорилар топгани ва уларни топшириш ниятида эканини билдирган.

Ходимлар фуқаронинг яшаш хонадони ертўласида РГД-5 қўл гранатаси, ТОЗ-8 милтиғи, ИЖ-27Э тўппончаси, портлатиш қурилмаси, беш дона қўл гранат запали, электродетонатор ҳамда унинг портловчи шнури ва 546 дона турли хилдаги жанговар ўқ-дорилар ҳамда 1100 дона пневматик қурол ўқлари, шунингдек, ўткир тиғли жисмлар борлигини аниқлади.

Таъкидланишича, тезкор суриштирув давомида мазкур қурол, ўқ-дорилар ва портловчи моддалар унинг марҳум отасига тегишли экани маълум бўлган. У олдин Мудофаа вазирлигида фаолият юритиб, нафақага чиққан.

Эслатиб ўтилишича, шу каби воситаларни ноқонуний сақлаш, олиб юриш ёки ихтиёрий топширмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда, шахс Жиноят кодексининг 248-моддасига асосан, икки йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид