Жаҳон | 12:26 / 15.12.2025
1972
2 дақиқада ўқилади

Трамп ўз партияси оралиқ сайловларда ютқазиши мумкинлигини истисно этмади

АҚШ президенти Доналд Трамп 2026 йилги оралиқ сайловларда Республикачилар партияси мағлуб бўлиши эҳтимолини тан олди. У ўзини “тарихдаги энг яхши иқтисодиёт”ни яратганини айтяпти, аммо америкаликларга буни тушуниш учун вақт керак бўлиши мумкин, дея билдирди.

Фото: Samuel Corum/Pool via CNP/MediaPunch

АҚШ президенти Доналд Трамп 2026 йилда бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларда Республикачилар партияси мағлуб бўлиши мумкинлигини тан олди. The Wall Street Journal газетасида шанба куни, 13 декабрда эълон қилинган интервюда Трамп давлат раҳбари сифатида АҚШ “тарихдаги энг яхши иқтисодиёт”га айланиши учун барча саъй-ҳаракатларни қилганини, бироқ “одамларга буни англаб етиш учун маълум вақт керак бўлиши мумкин”лигини айтди.

Оқ уй раҳбари, шунингдек, ўтмишда ҳам муваффақиятли президентлар доимо омадсизликларга дуч келганини эслатди. “Нима бўлишини кўрамиз”, — деди у режалаштирилаётган оралиқ сайловлар ҳақида изоҳ берар экан. “Биз ғалаба қилишимиз керак. Лекин, биласизми, статистикани ҳисобга олсак, ғалаба қилиш жуда қийин. Ҳа, бу мантиққа тўғри келмайди”, — деди у.

АҚШ Федерал захира тизими 10 декабр куни келаси йил учун иқтисодий прогнозни бироз ошириб, 2,3 фоизга етказди. Америка регулятори фикрича, апрелдан бери яна ўсишни бошлаган инфляция ҳам пасайиши мумкин. Энг сўнгги маълумотларга кўра, сентябрда инфляция кўрсаткичи 2024 йилнинг шу ойига нисбатан 2,8 фоизга ошган.

Сайловолди кампанияси давомида Трамп инфляцияни пасайтиришга ваъда берган эди. Ушбу маълумотлар эълон қилинганидан сўнг, Оқ уй раҳбари 11 декабр куни “мамлакат тарихидаги энг буюк иқтисодиётни инфляциясиз яратгани” учун “уни ижобий баҳолаш”ни талаб қилди.

2026 йил кузида АҚШ Конгрессига бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларда демократлар Вакиллар палатасидаги кўпчиликни қайтариб олишга умид қилмоқда. Ҳозирда республикачилар ҳам қуйи палата, ҳам Сенатни назорат қилмоқда. АҚШда оралиқ сайловларда кўпинча ҳокимиятдаги партия мағлубиятга учрайди.

\

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид