Жаҳон | 14:01 / 17.12.2025
1645
4 дақиқада ўқилади

Ҳаагада Украинага репарациялар бўйича халқаро орган ташкил этилди

Украина учун даъволарни кўриб чиқиш бўйича халқаро комиссия Европа Кенгаши базасида таъсис этилди. У — РФнинг ҳарбий тажовузи учун репарациялар механизмининг уч қисмидан иккинчиси. Комиссия Зиёнлар реестридан кейин ташкил этилди.

Фото: Reuters

Ҳаагада Россиянинг ҳарбий тажовузидан жабр кўрган Украинага ўнлаб миллиард евро миқдоридаги репарациялар тўланиши ҳақида қарорлар қабул қиладиган халқаро орган таъсис этилди. Украина учун даъволарни кўриб чиқиш бўйича Халқаро комиссия (International Claims Commission for Ukraine)ни ташкил этиш Ҳаагада сешанба, 16 декабр куни бўлиб ўтган конференцияда маъқулланди.

Унда Европа мамлакатларининг ўнлаб юқори лавозимли вакиллари, жумладан Украина президенти Володимир Зеленский ва ЕИнинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Кая Каллас иштирок этди.

Зеленскийнинг айтишича, репарациялар механизмини яратиш “тинчликка олиб борадиган ҳақиқий йўл”нинг биринчи босқичидир. “Россияни келишув тузишга мажбур қилишнинг ўзи етарли эмас. Уни қотилликларни тўхтатишга мажбур қилишнинг ўзи ҳам етарли эмас. Биз Россияни дунёда қоидалар борлигини тан олишга мажбур қилишимиз керак”, — деб таъкидлади у.

Янги ташкилот — репарациялар тўлаш бўйича исталган суммалардаги сўровларни баҳолайдиган ва улар юзасидан қарор қабул қиладиган орган — Украинага етказилган зарар учун компенсация механизмининг иккинчи қисмига айланади. У Украина учун Зиёнлар реестри ташкил этилганидан кейин таъсис этилди, бу реестрга хусусий шахслар ёки ташкилотлардан репарациялар бўйича аллақачон 80 мингдан ортиқ ариза келиб тушган. Учинчи қадам — компенсация жамғармасини ташкил этиш бўлади.

Янги халқаро комиссия Европа Кенгаши доирасида ташкил этилди ва Ҳаагада жойлашади, деди Нидерландия ташқи ишлар вазири Давид ван Вил. “Жавобгарликка тортишсиз можаро тўлиқ ҳал этилмайди. Жавобгарликнинг бир қисми эса — тегишли компенсацияларни тўлашдир, — деди ван Вил журналистларга. — Шунинг учун мен бугун даъволарни кўриб чиқиш бўйича комиссияни ташкил этиб, тегишли шартномани имзолар эканмиз, катта қадам қўяётганимизга ишонаман”.

Европа Кенгаши бош котиби Ален Берсе Ҳаагада сўзга чиқар экан, тинчлик музокараларига жавобгарлик, зарарни қоплаш ва Украинани қайта тиклаш масалаларини муҳокама қилишни ҳам киритишга чақирди.

Европа Кенгаши сайтидаги баёнотда Берсе ташкилот ва унинг ҳамкорлари илк кунданоқ Украинани Россиянинг кенг кўламли тажовузига қарши қаршиликда қўллаб-қувватлаб келаётганини таъкидлади. “Биргаликда ишлар эканмиз, адолатли ва барқарор тинчликка эришиш йўлида Украинани қўллаб-қувватлашга тайёр бўлишимиз керак. Украина учун Зиёнлар реестри ва Украина учун даъволарни кўриб чиқиш бўйича халқаро комиссия Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғлиқ компенсация масаласи билан шуғулланадиган ягона мустақил халқаро механизмлар бўлади”, — деди у.

Украина учун Зиёнлар реестри (RD4U) Европа Кенгаши ҳомийлигида 2023 йил 17 майда ташкил этилган ва 2024 йил апрелида иш бошлаган. Унга 44 давлат ва Евроиттифоқ қўшилган.

Реестр Украина фуқаролари, ташкилотлари ва давлат органлари томонидан берилган компенсация тўлаш ҳақидаги талабларни йиғади ва рўйхатдан ўтказади. У 40 тадан ортиқ зиён тоифаси бўйича аризаларни қабул қилади, жумладан тан жароҳатлари, қийноқлар ва жинсий зўравонлик, мажбурий депортация ва мол-мулкни йўқотиш бўйича даъволар ҳам бор.

Жаҳон банки келгуси ўн йил ичида Украинани тиклаш қийматини 524 млрд долларга (447 млрд евро) баҳолади — бу 2024 йилдаги Украина иқтисоди ҳажмидан деярли уч баробар кўп.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид