Жаҳон | 14:22
3351
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда таълим вазири маст ҳолда машина бошқариб қўлга тушди

Президент Садир Жапаров уни «давлат хизматчиси этикасига риоя этмагани» учун лавозимидан озод этган.

Фото: КАБАР

Қирғизистон фан, олий таълим ва инновация вазири Бактияр Орозов лавозимидан олинди. Мамлакат президенти Садир Жапаровнинг 15 декабр куни имзоланган тегишли фармонида Бактиёр Орозов «давлат ва муниципал ходимларнинг этика меъёрларга риоя қилмагани» қайд этилган.

Унинг ишдан кетиши маст ҳолда машина бошқариб қўлга тушиши ортидан рўй берди.

Kaktus.media нашри хабар беришича, 15 декабрга ўтар кечаси, соат тунги 1:40 атрофида Орозов Чуй вилояти Кой-Тош қишлоғида маст ҳолда машина бошқараётган вақтида тўхтатилган.

Вилоят ЙҲХБ ходимлари уни спиртли ичимлик таъсирида автомобил бошқаришда гумонлаган.

Нашр эълон қилган видеода амалдорнинг ўзи пиво ичганини тан олган.

Вилоят ЙҲХБ кўп ўтмай унинг алкогол истеъмол қилгани тасдиқланганини маълум қилди.

«Текширув давомида ҳайдовчида алкогол мастлиги белгилари кузатилди. Шунинг учун у Бишкек марказий наркология бўлимига тиббий кўрикдан ўтиш учун юборилди ва унинг алкогол истеъмол қилгани тасдиқланди. Ҳайдовчига нисбатан Ҳуқуқбузарлик кодексининг 193-моддаси бўйича баённома тузилди. Автомобил ихтисослаштирилган жарима майдончасига жойлаштирилди», – дейилади хабарда.

Бактияр Орозов 2025 йил майида таълим вазири этиб тайинланганди. Ундан олдин таълим вазири биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид