Ўзбекистон | 13:07
519
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда парламентлараро ҳамкорлик бўйича қўшма декларация қабул қилинди

Тошкент шаҳрида 15–17 декабр кунлари бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг учинчи йиғилиши якунида парламентлараро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган қўшма декларация қабул қилинди.

Фото: senat.uz

“Инсон қадр-қиммати, ижтимоий адолат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўлида ҳамкорлик” мавзусида ўтган тадбирда 100 нафардан ортиқ иштирокчи — Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарлари ҳамда аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, дипломатик корпус ва ОАВ вакиллари қатнашди.

Тадбир дастуридан ялпи мажлис ҳамда икки тематик сессия ўрин олди. Муҳокамаларда иқтисодий ҳамкорлик, рақамли трансформация ва саноатни ривожлантириш, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик ташаббусларни амалга оширишда парламентларнинг ўрни масалалари кўриб чиқилди.

Йиғилишда Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилиб, мамлакатда 5 миллион мутахассисни сунъий интеллект йўналишида тайёрлашга қаратилган дастур амалга оширилаётгани таъкидланди. Шунингдек, минтақада барқарор ривожланишни таъминлаш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Форум якунида қабул қилинган қўшма декларация парламентлараро ҳамкорликни кучайтириш, парламент назорати самарадорлигини ошириш ҳамда барқарор ва узоқ муддатли ривожланишга қаратилган қўшма ташаббусларни илгари суришни назарда тутади. Ҳужжатда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тенг имкониятларни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, экологик хавфсизлик ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича умумий ёндашувлар белгиланган.

Шунингдек, йиғилишда иштирок этган хорижий делегациялар Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюргани маълум қилинди.

Учинчи йиғилиш ўзаро ишонч, очиқ мулоқот ва амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилган самарали майдон сифатида ўз ишини якунлади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид