Жаҳон | 10:09 / 17.12.2025
1200
4 дақиқада ўқилади

ЕИ шарқий давлатлари РФдан ҳимояланиш учун мудофаани кучайтиради

Евроиттифоқнинг шарқий қанотидаги саккиз давлат етакчилари Ҳелсинкидаги саммитда Россия бевосита таҳдид эканига ва шарқий чегаралар мудофаасини мустаҳкамлаш устида ишлашга келишиб олди.

Фото: Heikki Saukkomaa/Lehtikuva/REUTERS

Европа Иттифоқининг шарқий қанотини ҳимоя қилиш Россиядан келаётган таҳдид шароитида ЕИ учун кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифага айланиши керак, деб билдирди Ҳелсинкидаги саммитда сешанба, 16 декабр куни Россия билан чегарадош Евроиттифоққа аъзо саккиз давлатнинг сиёсий етакчилари. Учрашув якунлари бўйича эълон қилинган, Финландия ҳукумати сайтида жойлаштирилган қўшма баёнотда шундай дейилади: «Россия хавфсизлигимиз, шунингдек евроатлантик минтақадаги тинчлик ва барқарорлик учун энг катта, бевосита ва узоқ муддатли таҳдидни ифодалайди».

Финландия бош вазири Петтери Орпо ташаббуси билан ўтказилган саммитда Орподан ташқари, Швеция, Эстония, Латвия, Литва, Полша, Руминия ва Болгария давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этди.

«Россиянинг Украинага қарши тажовузкор уруши ва унинг оқибатлари Европа хавфсизлиги ва барқарорлиги учун жиддий ҳамда узоқ муддатли таҳдидни ташкил этади. Россиянинг стратегик мақсадлари ўзгаришсиз қолмоқда: Арктика минтақасидан бошланиб, Болтиқ ва Қора денгиз орқали Ўрта Ер денгизигача чўзиладиган буфер зона яратиш. Евроиттифоқ ва НАТОнинг шарқий қаноти ушбу таҳдиднинг олдинги сафида турибди, бироқ у бутун Европа қитъасига дахл қилади, бу эса шошилинч ва мувофиқлаштирилган чоралар кўришни талаб этади», — деб таъкидлади Ҳелсинкидаги юқори даражали учрашув қатнашчилари.

Улар «Россиядан келадиган анъанавий таҳдидга қўшимча равишда, Европага қарши Москва томонидан амалга оширилаётган мураккаб гибрид операциялар ва диверсия ҳаракатлари кучаяётгани»ни қайд этди. Ҳужжатда шундай дейилади: «Россия бошқа давлатларнинг хавфсизлиги ва ҳимояланганлигига нисбатан беэътиборлик ва таваккалчиликни намоён қилмоқда. Жамиятларимизни издан чиқаришга қаратилган уринишлар Россиянинг Украинага қарши давом этаётган тажовузкор уруши бир қисми сифатида кўрилиши керак».

Финландия ҳукумати раҳбари ЕИнинг шарқий давлатларида «таҳдидлар бўйича умумий баҳолаш» мавжудлигини ва уларнинг Украинага содиқлигини тасдиқлади. «Биз ЕИ даражасида мудофаа соҳасидаги флагман лойиҳанинг умумий концепцияси устида ишлашга келишиб олдик, у шарқий чегарага қаратилган бўлади», — деди Петтери Орпо.

Ҳелсинки саммити иштирокчилари Болтиқ давлатлари ва Полша томонидан чегарани «Болтиқ мудофаа линияси» ва «Шарқий қалқон» каби лойиҳалар ёрдамида мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларни олқишлади. ЕИнинг Eastern Flank Watch («Шарқий қанотни кузатиш») номли флагман лойиҳаси «мавжуд ташаббусларга таяниши, шунингдек, мудофаа қобилиятини қўллаб-қувватлаш учун шарқий қанот бўйлаб тегишли имкониятларни қамраб олиши ва кенгайтириши» керак, деб билдирди Россия билан қуруқлик ёки денгиз орқали чегарадош саккиз давлат етакчилари.

Баёнотда: «Вазият ЕИнинг шарқий қанотига мувофиқлаштирилган ва кўп томонлама тезкор ёндашув орқали дарҳол устувор эътибор қаратишни талаб қилади», — дейилади. Ҳужжатга кўра, Eastern Flank Watch ташаббуси, хусусан, қуйидаги соҳаларда имкониятларни мустаҳкамлашга қаратилган бўлади: қуруқликда мудофаа, дронларга қарши курашиш, ҳаво мудофааси ва ракетага қарши мудофаа, чегараларни ҳимоя қилиш ҳамда ўта муҳим инфратузилмани муҳофаза қилиш.

Саммитда иштирок этган мудофаа ва космос масалалари бўйича ЕИ комиссари Андрюс Кубилюс «Россиянинг уруш иқтисоди тўхтаб қолмаяпти» деб билдирди ва Еврокомиссия шарқий қанот давлатларини қўллаб-қувватлашини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид