Жаҳон | 09:25
956
4 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия электромобилларга ўтиш қоидаларини юмшатишни таклиф қилди

Автосаноат босими остида Еврокомиссия ЕИда 2035 йилгача ички ёнув двигателига эга янги автомобиллар сотувини тўлиқ тақиқлаш режасидан воз кечди.

Фото: Jan Woitas/dpa-Zentralbild/dpa

Европа комиссияси (ЕК) Европа автомобил саноатини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар пакетини тақдим этди. Унда автомобилчиларга нисбатан иқлим талабларини юмшатиш ва 2035 йилга бориб ички ёнув двигатели бўлган янги автомобилларни сотишни тўлиқ тақиқлашдан воз кечиш таклиф этилган. СО₂ (углерод диоксиди) ташламаларини нолга тушириш талаби ўрнига, уларни қисқартириш режаси таклиф қилинмоқда — бу ҳақда сешанба, 16 декабр куни Страсбургда эълон қилинган ЕК ташаббусида айтилади.

Аввалги режага кўра, 2035 йилдан бошлаб ЕИда фақат СО₂ ташлама чиқармайдиган автомобиллар рўйхатдан ўтказилиши (рўйхатга олиниши) мумкин эди. Амалда бу электромобилларга тўлиқ ўтишни англатарди. Энди эса Еврокомиссия 2021 йилга нисбатан ташламаларни қисқартириш талабини 100 фоиздан 90 фоизга туширишни таклиф қилмоқда. Қолган 10 фоизни эса ишлаб чиқарувчилар «яшил» (кам углеродли) пўлатдан фойдаланиш, синтетик ёнилғи, шунингдек озиқ-овқатга мўлжалланмаган хомашёдан олинадиган биоёнилғи — масалан, қишлоқ хўжалиги чиқиндилари ёки ишлатилган ошхона мойидан тайёрланган биоёнилғилар ҳисобига қоплаши мумкин бўлади. Бу бозорда гибридларни, ҳатто баъзи бошқа моделларни ҳам сақлаб қолиш имконини беради.

Германия канцлери Фридрих Мерц, шунингдек Германия ва Европадаги энг йирик автоконцерн Volkswagen Еврокомиссия таклифини маъқуллади. Ўз навбатида, Германия автомобил саноати уюшмаси (VDA) ва Greenpeace ташкилоти уни танқид қилди. Танқид билан, шунингдек, швед электромобил ишлаб чиқарувчиси Polestar раҳбари Михаэл Лошеллер ҳам чиқди: унинг фикрича, 100 фоиз нол ташлама мақсадидан воз кечиш Европанинг рақобатбардошлиги ва «тоза» транспортга инвестицияларни издан чиқаради.

2022 йилда ЕИга аъзо 27 давлат 2035 йилга бориб янги автомобиллар сотувини амалда тақиқлаш бўйича келишувга эришган — яъни уларни 2035 йилдан рўйхатдан ўтказишни тўхтатишга келишиб олган эди. Мақсад — 2050 йилгача иқлим нейтраллигига эришиш стратегияси доирасида автомобил соҳасида СО₂ ташламаларининг юқори даражасини пасайтириш эди. Бироқ сўнгги йилларда Европа автоконцернлари қатор жиддий муаммоларга дуч келмоқда: технологик чақириқлар, шунингдек АҚШнинг Tesla электромобил ишлаб чиқарувчиси ва Хитой электромобил ишлаб чиқарувчилари томонидан рақобатнинг кескин кучайиши.

Ҳозир бу масалада ЕИ давлатларининг сиёсий позициялари кескин фарқ қилади. Германия, Италия, Полша ва бошқа давлатлар юқори энергия харажатлари ҳамда субсидияланган Хитой моделлари билан рақобатни асос қилиб, кўпроқ мослашувчанлик талаб қилмоқда. Испания, Дания, Швеция ва Нидерландия эса, аксинча, қатьийроқ ёндашувни сақлаб қолишни сўради: уларнинг огоҳлантиришича, қоидалар юмшатилса, инвестициялар секинлашади ва электромобилларга талаб пасаяди — бу эса заводлар ёпилиши ва иш ўринларининг йўқолишига олиб келиши мумкин.

Еврокомиссия ташаббуси кучга кириши учун уни ЕИ давлатлари ҳукуматлари ва Европа парламенти маъқуллаши керак. Бироқ ЕК, Европарламент ва ЕИ Кенгаши ўртасидаги кейинги музокаралар мураккаб бўлиши кутилмоқда: ислоҳотни қабул қилиш учун евродепутатларнинг кўпчилиги розилиги ва ЕИ аҳолисининг 65 фоизини ифодалайдиган камида 15 давлатнинг қўллаб-қувватлаши талаб этилади. Экспертлар ҳар қандай қўшимча ноаниқлик Европа автосаноатига зарар етказиши мумкинлигини таъкидлади — у аллақачон Хитойдан қаттиқ рақобатга дуч келмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид