Жаҳон | 11:40 / 18.12.2025
1231
2 дақиқада ўқилади

Берлинда эркак Исроилга қарши шиори учун жаримага тортилди

Берлиндаги намойишда “Дарёдан денгизгача” шиорини қўллагани учун бир эркак 1350 евро миқдорида жарима олди. Террористик ташкилотлар тарғиботини тарқатгани учун ҳам унга яна шунча миқдор тўлаш мажбурияти юклатилди.

Фото: Christian Mang/REUTERS

Берлин ер суди (Landgericht) 25 ёшли эркакни Исроилга қарши мазмундаги “Дарёдан денгизгача” шиорини қўллагани ва террористик ташкилотлар тарғиботини тарқатгани учун жами 2700 евро жаримага ҳукм қилди. Бу ҳақда AFP агентлиги чоршанба, 17 декабр куни хабар берди. Суд матбуот котибаси тушунтиришича, мазкур ибора Германияда террористик ташкилот деб тан олинган ҲАМАС ҳаракатининг “фарқловчи белгиси” сифатида баҳоланган. Эркак намойиш вақтида ушбу шиорни бақириб айтган.

Суд хулосасига кўра, “Дарёдан денгизгача” шиори — одатда унинг давоми сифатида “Фаластин озод бўлади” деган ибора келади — ҲАМАС шиори ҳисобланади ва уни сўл кучлар “онгли равишда” қўллаб-кувватлаб келган. Судга кўра, уни ишлатиш Исроил давлати “йўқ қилиниши” ва ушбу ҳаракат тарғиб қилаётган “ўлдириш ва қувиб чиқариш” мақсадларини қўллаб-қувватлашни англатади. Суд фикрича, айбланувчи бу шиордан “очиқ-ойдин ҲАМАС ташкилотини англатувчи белги сифатида” фойдаланган.

Намойиш бир йил аввал — 2024 йил декабр ойида Берлиннинг Фридрихсхайн туманида бўлиб ўтган. Бундан ташқари, эркак Фаластин радикал гуруҳига тегишли тарғибот тасвирларини ишлатгани учун ҳам айбдор деб топилган, ушбу гуруҳ ҳам террористик ташкилот сифатида таснифланади.

Шиордан фойдалангани учун суд 1350 евро миқдорида жарима белгилаган, бошқа ҳуқуқбузарликлар бўйича жарималар билан бирга умумий сумма 2700 еврони ташкил этган.

Матбуот котибининг айтишича, Берлин ер судининг турли ҳайъатлари ҳозиргача, асосан, “Дарёдан денгизгача” шиорини ишлатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади, деган қарашдан келиб чиққан. Шу билан бирга, туман судлари бу масалада турлича қарорлар чиқарган. Берлин Олий ер суди (Kammergericht) бу борада ҳали қарор қабул қилмаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид