Жаҳон | 16:08 / 18.12.2025
1965
4 дақиқада ўқилади

Европарламент Россия газидан воз кечиш режасини тасдиқлади

Европа Иттифоқи 2027 йил 1 ноябрга қадар Россия газидан тўлиқ воз кечади — ҳам қувур орқали етказиладиган, ҳам суюлтирилган газдан. Венгрия ва Словакия эса бу тақиққа судда қарши чиқмоқчи.

Фото: Reuters/Scanpix/LETA

Европа Иттифоқи 2027 йил 1 ноябрга қадар Россия газини етказиб беришдан тўлиқ воз кечади. Мазкур қарорга доир қонун Европа парламенти депутатларининг кўпчилик овози билан чоршанба, 17 декабр куни қабул қилинди. Импортга қўйиладиган тақиқ Россиядан келадиган ҳам қувур газига, ҳам суюлтирилган табиий газ (СТГ)га тааллуқли бўлади.

Бунгача Евроиттифоқ санкциялари фақат қувур орқали газ етказиб беришни чеклаб, шу билан бирга Венгрия, Словакия ва Греция учун истисноларни назарда тутганди. СТГга нисбатан эса Евроиттифоқ ҳозиргача чекловчи чоралар киритмаган. 2025 йилда уни Испания, Франция, Нидерландия ва Белгия фаол сотиб олган. Австрия, Полша ва Болтиқбўйи мамлакатлари Россия газидан аллақачон ихтиёрий равишда воз кечган. Ҳозирда Евроиттифоқнинг жами ўнта давлати Россия газидан фойдаланади.

2024 йилда ушбу турдаги энергия ташувчиларнинг Евроиттифоқ ҳудудига барча етказиб беришларининг тахминан 19 фоизи Россия газига тўғри келган. AFP қайд этишича, Россия нефтига деярли тўлиқ эмбарго жорий этилгани ва Россия газини харид қилиш ҳажми сезиларли камайганига қарамай, ўтган йили Евроиттифоқ ҳар ой Россия бюджетига тахминан 1,5 млрд евро тўлаб келган.

“Бугунги овоз бериш аниқ ва кучли сигнал юборяпти: Европа энди ҳеч қачон Россия газига боғлиқ бўлмайди. Бу Евроиттифоқ учун катта ютуқ ва Европа энергетика сиёсатида тарихий бурилиш нуқтаси”, — дея Европа парламенти қарорини шарҳлади Инесе Вайдере. У — Латвиядан сайланган Европа халқ партияси депутати ва халқаро савдо қўмитаси раҳбари.

Расман, Россиядан газ импорт қилиш тақиқи 2026 йил бошида кучга кириши керак — Европа парламенти қарори Евроиттифоқ давлат раҳбарлари даражасида кўпчилик овоз билан маъқулланиши лозим. Бу ҳолда тақиқ қонун кучига эга бўлади ва уни санкциялардан фарқли ўлароқ, ҳар ярим йилда узайтириб туриш талаб этилмайди.

Еврокомиссия кутмоқда: Россия газини етказиб беришни тақиқлашга фақат Венгрия ва Словакия қарши чиқяпти — бу мамлакатлар етакчилари аллақачон бундай чорага Евроиттифоқ судида қарши чиқмоқчи эканини билдирган.

AFP агентлиги маълумотларига кўра, Россия газининг тахминан учдан бири Европага қисқа муддатли шартномалар асосида кириб келади. Европарламент қабул қилган қонунга биноан, бундай келишувлар бўйича етказиб беришлар келаси йилнинг ўзида тугаши керак: СТГ учун — 25 апрелдан, қувур гази учун эса — 17 июндан кечиктирмай.

Узоқ муддатли шартномалар учун узоқроқ ўтиш даври кўзда тутилган: СТГ етказиб беришлари 2027 йил 1 январга қадар, қувур орқали газ етказиб бериш эса 2027 йил кузида — Европа газ омборларининг тўлганлик даражасига қараб тугатилиши керак. Шу мақсадда қонун 2027 йил 30 сентябр билан 1 ноябр оралиғидаги муддатни белгилайди. Ўта зарурат туғилса — агар Евроиттифоқ давлатларидан бири энергетик инқироз эълон қилса, Еврокомиссия газ етказиб бериш тақиқини вақтинча бекор қилиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид