Ўзбекистон | 11:06 / 19.12.2025
1355
1 дақиқада ўқилади

Masdar иштирокида Навоийда йирик энергия сақлаш тизими барпо этилади

Навоий вилоятида қуввати 300 МВт (600 МВт/соат) бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича президент қарори қабул қилинди.

Қарорда қайд этилишича, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Abu Dhabi Future Energy Company PJSC — Masdar (БАА) компанияси ўртасида мазкур лойиҳа доирасида инвестиция шартномаси имзоланган.

Ҳужжатга мувофиқ, инвестор ўзининг ушбу лойиҳа бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларидан ўзи томонидан ташкил этиладиган лойиҳа компанияси фойдасига воз кечади. Лойиҳа компанияси эса электр энергиясини сақлаш тизимининг фойдаланишга кафолатланган тарзда тайёр туришини таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида энергия сақлаш тизимини ягона электр энергияси тармоғига улаш мақсадида лойиҳа компанияси томонидан электр узатиш тармоқлари ва подстанция қурилиши назарда тутилган. Ушбу объектлар ишга туширилгандан сўнг, улар “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖга топширилиши белгиланган.

Қайд этилишича, электр узатиш тармоқлари ва подстанция қуриш учун лойиҳа компанияси томонидан амалга оширилган харажатлар электр энергияси тарифи таркибида кўзда тутилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид