Жаҳон | 11:22 / 19.12.2025
2339
4 дақиқада ўқилади

“ОВД-Инфо”: Россияда репрессиялар тобора қаттиқлашмоқда

2025 йилда Россияда сиёсий сабабга эга жиноят ишлари сони камайгани қайд этилган бўлса-да, улар бўйича ҳукмлар узоқроқ муддатларга чиқарилмоқда. Ҳокимият репрессиялар учун “экстремизм” ва “давлатга хиёнат” ҳақидаги моддалардан кўпроқ фойдалана бошлаган.

Фото: Babel Doc/Clin d'Œil Films/DW/SWR

2025 йилда Россияда сиёсий мотивга эга жиноят ишлари сони урушдан олдинги кўрсаткичларга қайтди, бироқ репрессияларнинг ўзи кучайди. Бу ҳақда “ОВД-Инфо” лойиҳасининг Россия ичидаги репрессиялар бўйича 18 декабр, пайшанба куни эълон қилинган йиллик таҳлилий шарҳида айтилган.

“Репрессиялар кучаймоқда — бу экстремистик ва террористик қонунчилик доирасида таъқиблар кўпайгани, урушдан олдинги давр билан солиштирганда ўртача жазо муддати ошгани, ҳукмлар ва қамоқда таъқиб қилинувчилар сони орқали кўринади. Режим фуқароларга уруш ва фавқулодда чоралар узоққа — балки абадийга ҳам чўзилади деган фикрни сингдирмоқда”, — дейилади “ОВД-Инфо” ҳисоботида.

Лойиҳа ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда сиёсий ишлар бўйича озодликдан маҳрум қилишнинг ўртача муддати 8 йилни ташкил этган.

“ОВД-Инфо” фикрича, “босим тобора ‘кулранг зоналар’га кўчмоқда, давлат эса маълумотни кўпроқ яширяпти”. Айрим тоифадаги ишлар бўйича ҳуқуқ ҳимоячиларига маълумот топиш қийинлашган — хусусан, бу давлатга хиёнат (РФ Жиноят кодекси 275-модда), чет элликлар билан махфий ҳамкорлик (275.1-модда) ва жосуслик (276-модда) ҳақидаги ишларга тааллуқли.

РФ Олий суди ҳузуридаги Суд департаменти маълумотларига кўра, 2025 йилда давлатга хиёнат моддаси бўйича 115 та ҳукм кучга кирган — бу ўтган йилга нисбатан икки баравар кўп. Чет элликлар билан махфий ҳамкорлик моддаси бўйича эса 2025 йилнинг дастлабки олти ойидаёқ 24 киши судланган. Солиштириш учун: ўтган йилнинг бутун даврида бу модда бўйича судлар 30 та ҳукм чиқарган.

“ОВД-Инфо” баёнотида фикр билдиргани учун очилган ишлар сони камайгани ҳам қайд этилади (2025 йилда 254 та, 2024 йилда 320 та). Лойиҳа энг кўп учраган “сиёсий айблов” сифатида терроризмга чақириқлар ҳақидаги моддани (РФ ЖК 205.2-модда) кўрсатади: 2025 йилда куч тузилмалари бу модда бўйича 102 та иш қўзғатган. Шунингдек, Россияда армия ҳақида “фейк” тарқатиш ва уни “обрўсизлантириш” моддалари бўйича таъқиблар ҳам камайган.

Умуман олганда, “ОВД-Инфо” 2025 йилда урушга қарши чиқишлар учун 142 та таъқиб эпизодини ҳисоблаган. Ҳуқуқ ҳимоячилари баҳосига кўра, бу Украинага кенг кўламли бостириб кириш бошланганидан бери энг паст кўрсаткич.

Бироқ лойиҳа “нацизмни реабилитация қилиш” моддаси бўйича суд қарорлари рекорд даражага чиққанини таъкидлайди. 94 та эпизоддан “ОВД-Инфо” 64 тасини сиёсий мотивга эга деб ҳисоблайди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари алоҳида тоифа сифатида Коррупцияга қарши кураш фонди (ФБК)га хайрия (донат) қилганлар “экстремистик фаолиятни молиялаштириш” моддалари бўйича таъқиб этилишини ажратади. 2025 йилда камида 46 та янги таъқиб ҳақида маълум бўлган. “ОВД-Инфо” таъкидлашича, ҳозирда лойиҳага бу каби ишлар бўйича 120 нафар таъқиб қилинаётган шахс маълум. 2025 йилда ФБКга донатлар учун аллақачон 74 киши ҳукм қилинган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, 2025 йилда Россия сиёсий таъқиблар учун экстремистик ва террористик моддалар мажмуасидан фаолроқ фойдалана бошлади — ва бу тенденция давом этади, дея хулоса қилади “ОВД-Инфо”.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид