Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Б режаси: Нега ЕИ Украинага Россия захираларини бермади?
Брюсселдаги саммитда кўп соатлик музокаралардан сўнг ЕИ етакчилари Украина учун 90 млрд евро миқдорида фоизсиз кредитни маъқуллади. У Еврокомиссия таклиф қилганидек музлатилган Россия активлари билан эмас, балки ЕИнинг 27 давлатидан 24 таси амалга оширадиган қарз жалб қилиш ҳисобидан таъминланади. Венгрия, Словакия ва Чехия иштирок этишдан озод этилган.
Германия канцлери Фридрих Мерц — Россия резервлари билан таъминланган “репарацион кредит”ни қўллаб-қувватлаган сиёсатчилардан бири — ўтган саммитни бир сўз билан “синов” деб таърифлади. ЕИнинг қўшма механизми шундай тузилганки, миллий даражадаги юк мамлакатлар бюджетларига ЕИ бюджетига қиладиган ҳиссаларига мутаносиб равишда тушади. Бу Германия харажатлари энг юқори бўлишини англатади.
Агар Европа етакчилари Киевга ёрдамнинг ҳеч бир вариантини келишиб ололмаганида, Украина аҳволи умидсиз тус олиши мумкин эди. Ташқи ёрдамсиз у Россия ҳужумига қарши тура олмайди.
Доналд Трамп даврида АҚШ Украинага молиялаштиришни тўхтатди ва деярли бутун юк ЕИ зиммасига тушди. Ҳозиргача Киевга йилига тахминан 80 млрд евро керак бўлган — бу ҳақда Кил жаҳон иқтисодиёти институтининг Ukraine Support Tracker лойиҳаси маълумотларида айтилади. Янги ёрдам бўлмаса, Киевдаги маблағлар 2026 йилнинг иккинчи чорагига келиб тугаб қолиши мумкин эди.
90 млрд евролик кредит вазиятнинг кескинлигини камайтиради ва Украина ҳамда унинг европалик иттифоқчиларининг музокара жараёнидаги позицияларини мустаҳкамлайди. ЕИ кредитига қўшимча равишда Украина Халқаро валюта жамғармасидан Extended Fund Facility дастури бўйича яна тахминан 7 млрд евро олади. Бу маблағларни ажратиш кенгроқ халқаро ёрдам олиниши шартига боғланган эди — энди эса у мавжуд.
Умуман олганда, ХВЖ ҳисоб-китобларига кўра, 2026–2027 йилларда Украинага тахминан 135 млрд евро ташқи молиялаштириш керак бўлади. Етишмаётган маблағларни бошқа донорлар — алоҳида мамлакатлар ва ташкилотлар таъминлаши лозим.
“Репарацион кредит” концепцияси ишлаб чиқувчиларидан бири, Reuters колумнисти Ҳюго Диксон ЕИ қарорини олқишлади, аммо уни фақат “10 баллдан 6 балл” деб баҳолади.
“90 млрд евро Украинага тахминан икки йилга етарли молиялаштириш беради, холос. Агар музлатилган Россия активларидан фойдаланилганида, қўллаб-қувватлашни қарийб тўрт йилга кафолатлаш мумкин бўларди, — дейди Диксон. — Бу Владимир Путинга Украинадан молиявий жиҳатдан қувватни сўриб олиш орқали урушни ютиб бўлмаслиги ҳақида янада кучли сигнал бўларди, шунингдек Доналд Трампдаги ЕИ заиф деган тасаввурни ҳам рад этар эди”.
Брюсселда 18 декабр куни бўлиб ўтган ЕИ етакчилари учрашувидан олдин Белгия бош вазири Барт де Вевер миллий парламентда чиқиш қилди. У Еврокомиссия таклиф қилган кафолатлар Россия резервлари ҳисобидан репарацион кредит беришни қўллаб-қувватлаши учун етарли эмаслигини очиқ айтди. Зеро, Россия резервларининг улкан қисми — 180 млрд евродан ортиғи Бельгиядаги Euroclear депозитарийсида сақланади.
Bloomberg маълумотларига кўра, ЕИ Кенгаши раиси Антониу Кошта саммит кун тартибини қайта тузишга мажбур бўлди: Украинага ёрдам масаласини муҳокама қилишни саммитнинг охирига қолдиришди — музокарачиларга таклифларни такомиллаштириш учун қўшимча вақт бериш мақсадида. Еврокенгашдаги DW манбаларининг айтишича, ЕИдаги айрим етакчилар де Веверга “у хоҳлаган нарсанинг деярли барчасини” таклиф қилишга тайёр бўлган.
Шу билан бирга, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен саммитга энди кела туриб, параллел равишда “Б режа”ни ҳам муҳокама қилишга тўғри келишини тан олди.
Белгияга чекланмаган кафолатлар бериш ғояси бир неча давлатлар, жумладан Италия ва Франция қаршилигига учради, деб хабар берди Financial Times манбалари. Улар қарз бозорига чиқишни “камроқ ёмон” деб ҳисоблаган. Нашрга кўра, Европа дипломатларидан бири “репарацион кредит”нинг “қотили” Италия бош вазири Жоржа Мелони бўлганини айтган.
Музлатилган Россия резервлари билан таъминланган репарацион кредит концепцияси бир тахминга асосланган: уруш тугагач, Россия Украинага репарация тўлашга мажбур бўлади. Ғоя муаллифлари ўша пайтни кутмасдан, Россия резервларининг бир қисмини дарҳол Украинага кредит шаклида беришни таклиф қилган.
Бу схема қанчалик қонуний экани ва ўз резервларини ЕИда сақлайдиган бошқа давлатлар бундай қадамга қандай муносабат билдириши ҳақида сиёсатчилар ва экспертлар фикри турлича. Ечимнинг заиф жойи — унинг мисли кўрилмаган ҳолат эканидир, деб DW билан суҳбатда Кёлн университетининг Халқаро тинчлик ва хавфсизлик ҳуқуқи институти тадқиқотчиси Глеб Богуш таъкидлаган.
Шунга қарамай, кузда Урсула фон дер Ляйен, кейин эса Фридрих Мерц бу ғояни очиқ қўллаб-қувватлаганидан кейин, жараён “йўлга тушгандай” кўринган эди.
ОАВда ҳатто қарз бериш схемаси ҳам пайдо бўлди: ЕИ махсус тузилма яратади, у қарз қоғозларини — эҳтимол, нол купонли облигацияларни чиқаради. Euroclear эса шу облигацияларга музлатилган Россия активларини жойлаштиради. Натижада тушган маблағлар Украинага ўтказилади.
Муҳокамалар асосан амалий саволга бориб тақалди: агар Euroclear депозитарийси Россияга унинг резервларини қайтариб беришга мажбур бўлса, нима бўлади? Масалан, санкциялар бекор қилинса ёки тинчлик шартномасида репарациялар ҳақидаги банд бўлмаса. Бу саволнинг кескинлигини яна шундай омил оширди: ЕИда Россия резервларини музлатиш аввалида муддатсиз эмас эди. Бошқа санкциялар каби, у ҳар олти ойда узайтирилиши керак ва ЕИнинг барча аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланишини талаб қилади.
Саммит арафасида Еврокомиссия Россия резервларини музлатишни муддатсиз қилишнинг юридик имконини топди. Қарор Европa Иттифоқи тўғрисидаги шартноманинг 122-моддасига асосланган: фавқулодда ҳолатларда қарорларни бир овоздан эмас, балки малакали кўпчилик овоз билан қабул қилиш мумкин.
Бироқ бу Белгия ва яна бир неча давлатнинг хавотирларини бартараф этиш учун етарли бўлмади. Айниқса, Россия Марказий банки активларни суд орқали қайтаришга интилмоқчи эканини эълон қилиб, биринчи даъвони Москва Арбитраж судига киритганидан кейин, Euroclear учун рисклар янада ошган.
“Москва арбитражининг қарори — унинг ким фойдасига чиқиши осон тахмин қилинади — халқаро судларга мурожаат қилиш учун расмий асос яратади, — деб тушунтиради DW билан суҳбатда Берлиндаги эксперт Александра Прокопенко. — Москвада ғалаба қозониш имкони паст эканини тушунишади. Лекин судлашувларнинг ўзи Украинага кредит бериш жараёнини узоққа чўзиб юбориши мумкин — процедура жиҳатдан. Бундан ташқари, бу инвесторлар учун ҳуқуқий ‘заҳарли’ муҳитни юзага келтиради: кредит бериш учун зарур бўлган қарз қоғозларини сотиб олишни хоҳловчилар оз бўлиб қолиши мумкин”.
Қандай бўлмасин, Россия захираларидан Украинага ёрдам учун фойдаланиш масаласида ҳали расман нуқта қўйилгани йўқ. Брюссел саммитида маъқулланган келишув шундан далолат берадики: Киев кредитни фақат Россиядан репарация олган тақдирдагина қайтаришга мажбур бўлади. Урсула фон дер Ляйеннинг айтишича, айнан шундай ҳолатда ҳисоб-китоблар учун музлатилган Россия активларидан фойдаланиш мумкин.
Мавзуга оид
09:35
МАКС авиакосмик кўргазмаси яна бир йилга қолдирилди
16:23 / 11.06.2026
Арманистон ҳукумати геосиёсий курсини ўзгартириш учун халқдан мандат олди — сиёсатшунослар
14:20 / 11.06.2026
Россиядан кетган фуқароларнинг мол-мулки хатланиши мумкин
18:53 / 10.06.2026