Жаҳон | 14:53 / 20.12.2025
2304
2 дақиқада ўқилади

Украина учун янги кредит Германияга миллиардларга тушади

ЕИ давлатлари келишиб олган Украинага ёрдамнинг янги кўп миллиардли пакети молиялаштирилиши иштирокчи давлатларга ҳар йили тахминан 3 млрд евро тушади — бунда муддат ҳам аниқ белгиланмаган. Бу ҳақда Брюсселда жума куни, 19 декабр куни Евроиттифоқнинг юқори лавозимли вакили маълум қилди.

Фото: DPA

Германия учун эса, dpa агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, бу узоқ муддатли қўшимча харажатлар йилига тахминан 700 млн еврони ташкил этади. Сабаби шундаки, миллий бадаллар мамлакатларнинг иқтисодий қудратига мутаносиб тақсимланади, Венгрия, Чехия ва Словакия эса янги ёрдам пакетини молиялаштиришда умуман иштирок этмасликка эришган.

19 декабр, жумага ўтар кечаси бўлиб ўтган ЕИ саммитида келишилган режага кўра, Украинага 90 млрд евро миқдорида фоизсиз кредит ажратилади. У мамлакатнинг яқин икки йилдаги энг кескин молиявий эҳтиёжларини қоплаши ва Россияга қарши мудофаа ҳаракатларини давом эттиришни таъминлаши керак.

Кредит учун маблағлар молиявий бозорлардан имтиёзли шартларда жалб қилиниши режалаштирилган. Украина пулни фақат уруш тугагандан кейин Россия етказилган зарар учун репарация тўлаган тақдирдагина қайтариши керак бўлади.

Агар бу содир бўлмаса, кредитни қоплаш учун ЕИда музлатилган Россия активларидан фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Бироқ фоизларни тўлаш харажатларини ҳар қандай ҳолатда ҳам ЕИ давлатлари ўз зиммасига олади. Бундан ташқари, агар Украина репарация тўловларини назарда тутмайдиган тинчлик келишувига рози бўлса, механизм қандай ишлаши ҳамон ноаниқлигича қолмоқда.

ЕИ вакилининг айтишича, илк фоиз тўловлари 2027 йилда кутилмоқда ва улар деярли 3 млрд еврони ташкил этади. Бунинг сабаби — кредитнинг бутун суммаси дарҳол жалб этилмайди. 2026 йилда бозорларда тахминан 45 млрд евро атрофида маблағ жойлаштириш режалаштирилган.

Германия канцлери Фридрих Мерц аввалроқ Украинага молиявий ёрдамни тўғридан тўғри ЕИда музлатилган Россия давлат активлари ҳисобидан ажратиш тарафдори бўлган. Бироқ бу ғоя ЕИ аъзо давлатлари орасида етарли қўллаб-қувватлов олмади. Агар Мерц таклифи амалга оширилганида, фоиз харажатлари умуман пайдо бўлмас эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид