Жаҳон | 10:33 / 20.12.2025
2393
4 дақиқада ўқилади

Зеленский Варшавада: Украина мустақиллиги Полша учун муҳим

Украина Полшага мудофаа соҳасида ҳамкорликни, жумладан дронлардан ҳимоя бўйича ёрдамни таклиф қилмоқда, деди Украина раҳбари Варшавада ОАВ олдида чиқиш қилиб. Бироқ Киевга ҳам қўшнилар ёрдами керак.

Фото: Getty images

Украина президенти Володимир Зеленский Полшага мудофаа йўналишида ҳамкорлик ва дронлардан ҳимоя соҳасида украин ҳарбийлари томонидан эксперт ёрдамини таклиф қилди. У бу ҳақда жума куни, 19 декабр куни Варшавада Польша президенти Карол Навроцкий билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.

ОАВ олдида чиқар экан, Зеленский огоҳлантирди: агар Украинадаги уруш адолатсиз тарзда тугаса, Полша Москва учун кейинги нишонга айланиши мумкин. “Давлатимиз мустақиллигисиз Москва барибир бу ерга келади, Европага янада илгарилайди. Биз мустақил бўлмасак, Москва барибир Полшага ҳам келади. Шунинг учун биз бўлишимиз муҳим. Сиз бўлишингиз муҳим. Украина ва Полша бўлиши жуда муҳим. Ва бирга бўлишимиз муҳим”, — деди украин раҳбари.

Шу муносабат билан Зеленский сўнгги йилларда Украинада жанг тажрибаси ва мудофаа соҳасида ҳам, қурол ишлаб чиқаришда ҳам илғор технологиялар пайдо бўлганини таъкидлади. У бу тажрибани — хусусан Полшага бир неча бор кириб кетган Россия дронларидан ҳимоя масалалари бўйича Варшава билан баҳам кўришни таклиф қилди.

Украина раҳбари Навроцкийни Украинага ташриф буюришга ҳам таклиф қилди — у ерда у мамлакатнинг ҳарбий-саноат мажмуаси ва мудофаа соҳасидаги имкониятлари билан танишиши мумкин.

Полша президенти эса ўз навбатида Полша қуролли кучлари ихтиёридаги МиГ-29 қирувчи самолётларини Украинадан олинадиган антидрон тизимларига алмашиш режасига ижобий баҳо берди. Тахминларга кўра, Полшада 10 тадан 15 тагача шундай самолёт бор.

Зеленский санаб ўтган хавфсизлик масалалари орасида Украина ва Полша ҳамкорлик қилиши лозим бўлган йўналишлардан бири сифатида Россия агрессиясини қўллаб-қувватлаётган Беларусдан келаётган таҳдидлар ҳам тилга олинди. Жумладан, Украина президенти Беларусда Россиянинг “Орешник” ракеталар мажмуаси жойлаштирилиши ҳақидаги хабарларни эслатди.

Зеленскийнинг айтишича, Киевга “Орешник” Беларусда қаерга жойлаштирилиши аллақачон маълум. “Биз бу қаерда бўлишини, жойлашув қаерда бўлишини тушуняпмиз. Биз бу маълумотни ҳамкорларимизга узатяпмиз. Ўйлайман, ҳамкорлар таҳдидни ўзлари баҳолаб, бунга қандай жавоб беришни тушуниши мумкин”, — деди Украина президенти.

Зеленский таъкидлашича, Россия ракеталар мажмуаси нафақат Украина учун таҳдид. “Биз ‘Орешник’ таъсир қиладиган масофани кўрсатганмиз. Бу кўплаб Европа мамлакатлари, жумладан Полша, Германия ва бошқалар учун таҳдид”, — деди у. Шуни давом эттирган ҳолда Зеленский Россияга босимни кучайтиришга яна бир бор чақирди — Москва Европанинг чегаралари яқинида ўз қуролини жойлаштирмаслиги керак.

Варшавадаги матбуот анжуманида Зеленский Европа етакчиларининг 2026–2027 йилларда Киевга 90 млрд евро миқдорида фоизсиз кредит бериш қарорига ҳам изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, бу нафақат Украина учун муҳим ёрдам, балки Москвага берилган сигнал ҳамдир.

“Бу россияликларга сигнал: урушни давом эттиришдан маъно йўқ, чунки биз молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланганмиз, демак фронтда синмаймиз. Албатта, армиямиз ва одамларимизни қўллаб-қувватлаймиз”, — деди Зеленский.

Унинг айтишича, 2026 йилда Украина бюджети ЕИ мамлакатларида музлатиб қўйилган Россия активларини ишга солиш орқали олинадиган 45 млрд евро ҳисобига ҳам қўллаб-қувватланади. Шу муносабат билан ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидаги баёнотида Зеленский Россия активларини ЕИда музлатилган ҳолда сақлашни давом эттиришга чақирди.

ЕИ давлатлари 19 декабрга ўтар кечаси Украинага кейинги икки йил учун молиялаштириш бўйича муросага келган. Киев ЕИдан 90 млрд евро миқдорида фоизсиз кредит олади, аммо бунинг учун ЕИда музлатилган Россия активлари бевосита ишлатилмайди. Бироқ агар урушдан кейин Россия Украинага етказилган зарар учун компенсация тўламаса, кредитни қоплаш учун айнан шу маблағлардан фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид