Иқтисодиёт | 11:03 / 23.12.2025
1481
2 дақиқада ўқилади

Revolut мамлакат қонунлари сабаб украиналиклар ҳисобрақамларини ёпади

Буюк Британияда рўйхатдан ўтган Revolut онлайн-банки украиналик мижозларига Украина қонунчилиги талаблари туфайли уларнинг ҳисоблари ёпилиши ҳақида хабар берди. Банк мамлакат бозорига фақат 2025 йил феврал ойида кирган эди.

Фото: Beata Zawrzel/NurPhoto

Revolut онлайн-банки Украинадаги мижозларини 2026 йил 22 февралдан бошлаб Украина қонунчилиги талаблари туфайли уларнинг ҳисобларини ёпишга мажбур бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда душанба куни, 22 декабрда, Forbes журнали украин таҳририяти хабар берди.

“Маҳаллий меъёрларга мувофиқ, афсус билан маълум қиламизки, энди Украинада яшовчи шахсларга хизматларимизни тақдим эта олмаймиз”, — деб кўрсатилган банк томонидан фойдаланувчиларга юборилган хабарларда.

Шу билан бирга, Revolut “ғояга содиқ қолиши” ва мамлакатда ишлашни давом эттириши қайд этилган. Бундан ташқари, 22 февралдан кейин ҳам украиналик мижозларда бошқа банкдаги ҳисобрақамига еврода пул ўтказмаси орқали маблағларни ечиб олиш имконияти сақланиб қолади.

Буюк Британияда рўйхатдан ўтган Revolut онлайн-банки Украинада 2025 йил бошида иш бошлаган. Шундан буён у Европа Марказий банки томонидан берилган лицензия асосида хизмат кўрсатиб келган.

Бироқ мамлакатда иш бошлаганидан икки ҳафта ўтиб, Украина Миллий банки маҳаллий лицензия олиш зарурлигини билдирган. Томонлар музокаралар олиб борган, аммо Revolut барибир рухсатномани ололмаган.

Ноябр ойи бошида Европада яшайдиган, Revolut хизматларидан фойдаланувчи айрим россияликлар ва беларуслар ҳисоблари блокланганидан шикоят қилган. Россия ОАВ маълумотларига кўра, онлайн-банк гуманитар визаси бўлган РФ фуқароларининг, шунингдек яшаш учун рухсатномаси узайтирилмаганларнинг ҳисобларини музлатган. Ҳисобни қайта очиш (блокдан чиқариш) учун Revolut амалдаги рухсатнома ёки ЕИ мамлакатларидан бири фуқаролигини тақдим этишни талаб қилган.

Банк вакиллари бу қарорни Россияга нисбатан жорий этилган Европа Иттифоқи чекловларига риоя қилиш билан изоҳлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид