Ўзбекистон | 18:26
1466
4 дақиқада ўқилади

“Ташаббусли бюджет”да янгиликлар. Шерикчилик тартиби белгиланди

Энди маҳалла аҳли бирор бир лойиҳа учун зарур маблағнинг ярмини тўплай қолса, қолган ярмини давлат тўлайди. Бундай тартиб бюджет ташкилотларига оид лойиҳаларга тааллуқли эмас. Шунингдек, аҳоли энди депутатларга ҳам юзланиши мумкин: уларга лойиҳаларни қўшимча равишда ғолиб деб топиш ваколати берилди.

Каттақўрғон шаҳридаги спорт мактабининг “Ташаббусли бюджет” доирасида қурилган янги футбол майдончаси / Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Сенат Кенгашининг 17 декабрдаги қарори билан, “Ташаббусли бюджет” жараёнларига ўзгаришлар киритилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Ҳужжатга асосан:

  • лойиҳалар ғолиб деб топилиши учун минимал овоз сони 50 та этиб белгиланди (аввал 10 та эди);
  • жиҳозлаш лойиҳалари учун энг юқори қиймат БҲМнинг 2 минг баробари этиб белгиланди (аввал 4 минг баробар эди).

Эндиликда қуйидагиларга “танаффус” бериш амалиёти қўлланмайди:

  • маҳаллалар сони 15 та ва ундан кам бўлган туман(шаҳар)даги маҳаллаларга;
  • “ТОП-100”таликка кирган энг яхши солиқ тўловчи маҳаллаларга;
  • лойиҳани шериклик асосида амалга оширган маҳаллаларга.

Бунда, лойиҳа киритиш имконияти чекланган маҳаллаларга шерикчилик асосида лойиҳаларни амалга оширишга рухсат берилади.

Овоз бериш босқичи якунлангандан сўнг 10 кун давомида қўшимча ғолиб лойиҳаларни аниқлаш бўйича 5-босқич ўтказилади.

Қўшимча ғолиб лойиҳалар қуйидаги усулда аниқланиши мумкин:

  • Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларининг депутатлари – ғолиб бўлмаган лойиҳага етишмаган маблағни туман бюджетининг қўшимча маблағлари ҳисобидан ажратиш орқали;
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари – ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан битта лойиҳани танлаш орқали.

Шерикчилик асосида молиялаштириш тартиби

Ҳужжат билан, “Ташаббусли бюджет” доирасида лойиҳаларни шерикчилик асосида биргаликда молиялаштириш тартиби белгиланди.

Унга кўра, 2026 йилдан бошлаб аҳоли томонидан лойиҳа қийматининг 50 фоиз қисми молиялаштирилган тақдирда, лойиҳалар автоматик равишда ғолиб деб топилади ва қолган қисми давлат томонидан молиялаштирилади.

Бунда, ҳар бир маҳаллага бир мавсумда фақат битта лойиҳани шерикчилик асосида амалга оширишга рухсат берилади.

Шерикчилик лойиҳалари фуқаролар томонидан лойиҳа шакллантириш босқичида махсус шартларга розилик билдирган ҳолда илгари сурилади.

Лойиҳа қийматининг 50 фоизига тенг маблағни тўплай олмаган шерикчилик лойиҳалари анъанавий овоз бериш босқичига ўтказилади.

Бюджет ташкилотлари бўйича лойиҳаларни шерикчилик асосида молиялаштиришга рухсат берилмайди.

Лойиҳаларни шерикчилик асосида амалга ошириш мутлақо ихтиёрий ҳисобланади.

Депутат ташаббусининг мезонлари

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари лойиҳаларни қўшимча равишда ғолиб деб топишининг тартиби белгиланди.

Бунда, депутатлар лойиҳаларни қўшимча равишда ғолиб сифатида эълон қилишни ўзларининг “Очиқ бюджет” порталидаги шахсий саҳифалари орқали амалга оширади.

Парламент депутати у ёки бу лойиҳани қўшимча равишда ғолиб деб топиши учун бу лойиҳа:

  • у сайланган сайлов округидаги ҳудудда жойлашган бўлиши;
  • овоз бериш босқичига ўтган ҳамда камида 50 та овоз тўплаган бўлиши;
  • шерикчилик асосида молиялаштиришда иштирок этаётган маҳаллага тегишли лойиҳа бўлмаслиги керак.

Депутатлар томонидан бир маҳалладан кетма-кет икки мавсумда лойиҳаларни танлаб олинишига йўл қўйилмайди.

Агар тегишли мавсум доирасида депутатлар ўз ваколатидан фойдаланмаса, бу келгуси мавсум(лар)да ушбу ваколатдан фойдаланиш ҳуқуқини бермайди.

Мавзуга оид