Ўзбекистон | 23:34 / 25.12.2025
821
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри учун дизайн-код ишлаб чиқилди

Citymakers International ва Toshkent Invest компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган дизайн-код яхлит, қулай ва хавфсиз шаҳар муҳитини шакллантиришга қаратилгани таъкидланмоқда ва тез орада жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

25 декабр куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қурилиш, коммунал хўжалик, сув хўжалиги, экология, саноат ва транспорт масалалари бўйича доимий комиссиясининг йиғилишида Тошкентнинг «узоқ кутилган» дизайн-кодини жорий этиш ва қўллашни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Таъкидланишича, дизайн-код Citymakers International ва Toshkent Invest компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Ҳужжат яхлит, қулай ва хавфсиз шаҳар муҳитини шакллантиришга қаратилган бўлиб, пойтахтдаги бинолар ва жамоат жойларининг ташқи кўриниши учун ягона ва тушунарли қоидаларни белгилайди, шунингдек, шаҳар муҳитининг янги маданиятини - жонли, тартибли ва кўркам кўринишни шакллантиради.

Citymakers International компанияси йирик шаҳарлар ва агломерацияларда, жумладан Москва, Санкт-Петербург, шунингдек, Қозоғистон, Россия Федерацияси ва бошқа МДҲ давлатлари ҳудудларида шундай ечимларни жорий этиш бўйича амалий тажрибага эга. Бу эса Тошкентнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда «энг яхши халқаро ва минтақавий амалиётларни мослаштириш» имконини берди.

Дизайн-кодини тартибга солишнинг асосий йўналишлари:

- бинолар архитектураси: материаллар, ранг ечимлари, фактуралар, фасадлар, витриналар ва кириш қисмларини безаш;

- пешлавҳалар ва реклама: ўлчамлари, шрифтлари, ёритилиши ва рухсат этилган жойлашуви;

- ободонлаштириш: тротуарлар, кўча ёритгичлари, ўриндиқлар, ахлат қутилари, кўкаламзорлаштириш элементлари;

- кўча элементлари: тўсиқлар, йўл кўрсаткичлари, жамоат транспорти бекатлари, кичик меъморий шакллар;

- тарихий муҳит: ёдгорликлар ва тарихий ҳудудларнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш чора-тадбирлари.

Ҳужжат визуал тартибга солишдан ташқари, ёндош ҳудудлардан оқилона ва тартибли фойдаланиш масалаларини ҳам қамраб олади, шунингдек, ижтимоий ва шаҳар аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда алоҳида режимли сайёҳлик кўчалари рўйхатини белгилайди.

Хабарга кўра, дизайн-коднинг жорий этилиши «тадбиркорлик фаоллигининг қўшимча ўсиши, ёндош ҳудудлардан янада самарали ва қонуний фойдаланиш, бизнес ва аҳоли даромадларини ошириш учун шароит яратади, шунингдек, шаҳар муҳитининг қулайлиги ва хавфсизлигини оширади».

Кенгаш қарорига кўра, дизайн-кодни тартибга солувчи иловалар тез кунда regulation.gov.uz платформасида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади, шунингдек, аҳоли ва мутахассислар ҳамжамияти томонидан фикр-мулоҳазалар, таклифлар ва саволлар киритилиши учун эълон қилинади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид