Жаҳон | 15:32
1621
2 дақиқада ўқилади

Украина дронлари Тула вилоятидаги заводга ҳужум қилди

Минтақа губернатори Дмитрий Миляев 24 декабрга ўтар кечаси украин дронлари рейди бўлганини айтди. Хабар қилинишича, ҳужум натижасида каучук ишлаб чиқариш заводи зарар кўрган. Унинг маҳсулоти ҳарбий мақсадларда қўлланади.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Украин учувчисиз аппаратлари (дронлар) Тула вилоятидаги синтетик каучук ишлаб чиқариш заводига ҳужум қилди. Дронлар рейди ва “корхоналардан бирининг ҳудудида” ёнғин юз бергани ҳақида минтақа губернатори Дмитрий Миляев 24 декабр, чоршанба куни хабар берди. Унинг айтишича, Россия ҳаво мудофааси кучлари 12 та украин дронини тутиб қолган — уларнинг парчалари хусусий уйнинг фасади ва ойнаванд қисмига шикаст етказган. Миляев таъкидлашича, дронлар ҳужуми натижасида ҳеч ким жабр кўрмаган.

Astra нашри хабар беришича, дронлар ҳужумига Ефремов заводи — Россияда паст молекуляр синтетик каучукларнинг энг йирик ишлаб чиқарувчиси учраган. Унинг маҳсулоти, жумладан, мудофаа мақсадидаги буюмларни тайёрлашда ишлатилади: масалан, ҳарбий юк машиналари, зирҳли транспортёрлар ва авиация техникаси учун шиналар ишлаб чиқаришда. Украинадаги Exilenova+ Telegram-канали қайд этишича, корхонадаги ёнғинни АҚШнинг Аэронавтика ва космик тадқиқотлар миллий бошқармаси (NASA) сунъий йўлдошлари ҳам қайд этган.

РФ Мудофаа вазирлиги эса 24 декабрга ўтар кечаси Россия минтақалари устида жами 172 та учувчисиз аппарат уриб туширилганини даъво қилди, уларнинг кўпчилиги Брянск, Белгород, Калуга ва Тула вилоятлари устида бўлган.

УҚК Ҳаво кучлари қўмондонлиги маълумотига кўра, 24 декабрга ўтар кечаси Россия Украинага 116 та дрон билан ҳужум қилган. Бундан ташқари, РФ ҚК энергетика инфратузилмасига, жумладан Харкив атрофидаги иссиқлик электр станциясига ҳам аниқ зарбалар берган. Шаҳар мэри Игор Терехов айтишича, ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна 11 киши яраланган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид