Иқтисодиёт | 11:13
451
2 дақиқада ўқилади

Давлат бюджетининг чораклик ҳисоботига янги талаблар белгиланди

2025 йил 25 декабрда қабул қилинган қонун билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиб, давлат бюджети ижроси бўйича ҳисоботлар мазмунини шакллантириш тартибига янги талаблар белгиланди.

Қонунга кўра, давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги чораклик ҳисобот бюджет таснифига мувофиқ муайян давр учун давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг ижроси натижаларидан иборат бўлиши шарт. Яъни чорак якунларига доир ҳисоботларда даромадлар тушуми ва харажатлар ижроси бюджет таснифи кесимида акс эттирилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, мазкур қонун билан бюджет жараёнига оид бошқа нормалар ҳам аниқлаштирилди. Хусусан, давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларидан ажратиладиган маблағлар бўйича товар етказиб берувчилар билан тузиладиган шартномалар ғазначилик органларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга кириши белгиланди.

Бундан ташқари, навбатдаги йил учун ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритиладиган лойиҳалар портфели Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар йили 1 июлгача Қонунчилик палатасига киритилиши, у фракциялар ва қўмиталарда муҳокама қилиниши ҳамда 10 кун ичида кўриб чиқилиб, таклиф ва тавсиялар Вазирлар Маҳкамасига юборилиши белгиланди.

Шу билан бирга, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳар йили 15 апрелгача ўрта муддатли давр учун камида икки сценарийда асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозининг дастлабки баҳосини ишлаб чиқиши назарда тутилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид