Жамият | 11:31
560
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 1,5 млн эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқди

Жорий йилда Ўзбекистонда бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича кўрсаткичлар яхшиланиб, 5 миллион аҳоли даромадли бўлди. Ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди, қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга ва кўп миллатли халққа мурожаатномада жорий йилда ижтимоий соҳада қатор ижобий натижаларга эришилганини таъкидлади. Давлат раҳбарига кўра, йил бошидаги 8,9 фоиздан камбағаллик даражаси 5,8 фоизга тушган, илк бор 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айланган.

Қайд этилишича, камбағал оилаларга мансуб 168 минг нафар бола давлат боғчаларига имтиёзли асосда қабул қилинган. Шунингдек, бу йилдан бошлаб 208 та боғчада илк бор инклюзив таълим тизими жорий этилган.

Президент камбағалликка қарши курашнинг янги тизими — кредит, субсидия ва компенсация каби 100 дан зиёд хизматлар орқали ижтимоий ҳимоя механизмлари йўлга қўйилганини, бу хизматлар маҳалладаги “еттилик”ка берилгани натижасида 8,5 миллиондан зиёд одам камбағалликдан чиққани ва ишсизлик икки карра қисқарганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, камбағалликни 2026 йил якунига қадар икки баробар қисқартириш бўйича олдин қўйилган марра жорий йилнинг ўзида бажарилган.

Давлат раҳбари мурожаатномада спорт ва таълим соҳасидаги ютуқларга ҳам тўхталди. Хусусан, 2025 йил Ўзбекистон футболи учун тарихий йил бўлиб, миллий терма жамоа илк бор жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритгани айтилди. Шунингдек, шахматчиларнинг жаҳон кубогидаги иштироки, Жавоҳир Синдоровнинг энг ёш соҳиби сифатида қайд этилиши ҳамда 9–17 ёшли шахматчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон вакиллари 5 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллагани таъкидланди.

Бундан ташқари, ёшлар ўртасидаги Параосиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 125 та олтин, 77 та кумуш ва 52 та бронза медалини қўлга киритиб, иштирокчи давлатлар орасида энг юқори натижани қайд этган.

Таълим йўналишида эса ўқувчи ва талабалар халқаро фан олимпиадаларида 51 та олтин, 101 та кумуш ва 126 та бронза медалига сазовор бўлгани қайд этилди.

Президент келгуси йилларда Ўзбекистон қатор нуфузли халқаро тадбирларга мезбонлик қилишини ҳам маълум қилди. Жумладан, 2026 йилда мамлакатда илк бор мактаб ўқувчилари ўртасида халқаро кимё ва информатика олимпиадалари, ШҲТга аъзо давлатлар талабалари ўртасида муҳандислик йўналишларида, Туркий давлатлар техникум ўқувчилари ўртасида касб йўналишларида халқаро олимпиадалар ўтказилиши белгиланди. 2027 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати, 2029 йилда эса Ёшлар Осиё ўйинларига мезбонлик қилиниши таъкидланди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид