Ўзбекистон | 11:40
744
3 дақиқада ўқилади

Президент: “Шарқ ва Ғарб ўртасида ҳамкорлик кўприкларини қуряпмиз”

Ўзбекистон сўнгги пайтда глобал масалалар муҳокама қилинадиган халқаро мулоқот майдонига айланиб бораётгани қайд этилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, мамлакат узоқ-яқин давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириб, Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида ўзаро манфаатли шериклик кўприкларини барпо этишда давом этмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Олий Мажлисга ва кўп миллатли халққа мурожаатномада жорий йил Ўзбекистонда бир қатор йирик халқаро тадбирлар ўтказилганини эслатиб ўтди. Хусусан, Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси, UNESCO Бош конференциясининг сессияси, «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммити ва халқаро Иқлим форумига мезбонлик қилингани таъкидланди.

Минтақавий ҳамкорликда ҳам муҳим янгиликлар қайд этилди. Март ойида Хўжандда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчилари учрашувида илк бор уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида тарихий шартнома имзоланиб, «Абадий дўстлик тўғрисидаги декларация» қабул қилингани айтилди.

Шунингдек, Тошкентда бўлиб ўтган минтақавий давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида интеграция жараёнларини янги сифат босқичига олиб чиқиш учун Марказий Осиё ҳамжамияти стратегик форматини ташкил қилиш ғояси илгари сурилган. Озарбойжонни Марказий Осиё форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиш тўғрисидаги қарор ҳам алоҳида эътироф этилди. Президентнинг фикрича, бу қадам Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида стратегик боғлиқлик ҳамда барқарорликни кучайтиришга хизмат қилади.

Ташқи алоқалар географиясига тўхталган давлат раҳбари октябр ойида Брюсселда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланганини қайд этди. Ноябр ойида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва АҚШ саммити кўп томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилгани айтилди. Шунингдек, Токиода Марказий Осиё ва Япония етакчилари учрашувида таълим, тиббиёт, рақамли технологиялар, инфратузилма ва саноат соҳалари бўйича муҳим келишувларга эришилгани, Санкт-Петербургда МДҲ раҳбарлари билан учрашув эса ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб бергани таъкидланди.

«Буларнинг барчаси халқаро алоқаларимизни мазмун жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқда. Биз дунёдаги узоқ-яқин мамлакатлар билан Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб билан ҳамкорлик кўприкларини қуришда давом этамиз», — деди президент.

Мурожаатномада иқтисодий мақсадлар ҳам тилга олинди. Президентнинг таъкидлашича, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ЯИМ ҳажмини 2030 йилгача 160 млрд долларга етказиш марраси белгиланган бўлиб, мавжуд салоҳият, ислоҳотлар, тадбиркорлар фаоллиги ва хорижий шериклар билан ҳамкорлик кенгаяётгани ҳисобидан ушбу маррага 2026 йилнинг ўзида эришиш имконияти бор.

Шу билан бирга, глобал рақобат шароитида малакали кадрлар ва замонавий технологиялар ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани қайд этилди. Юқори қўшилган қиймат яратадиган соҳаларни ривожлантириш, даромадли сервисларни кўпайтириш, биоинженерия, илғор агротехника ва сув тежайдиган усулларни фаол қўллаш, «яшил» энергетика ва чиқиндисиз ишлаб чиқаришга ўтиш, таълим ҳамда тиббиётда илғор тажрибаларни жорий этиш орқали келгуси беш йилда иқтисодиёт ҳажмини 240 млрд доллардан ошириш учун имкониятлар борлиги таъкидланди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид