Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия ТИВ россияликларни Германияга сафар қилмасликка чақирмоқда
РФ Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова сўзларига кўра, Германияга боришдан воз кечиш “Германияга хизмат сафарига юборилаётган журналистика корпуси вакиллари учун ҳам фойдали бўлиши мумкин, чунки муаммолар бор”.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Германияга боришдан тийилишга чақираётганини 25 декабр, пайшанба куни РФ ТИВнинг расмий вакили Мария Захарова маълум қилди. “Биз мамлакатимиз фуқароларини жуда зарур ҳолатлардан ташқари ГФРга сафар қилмасликка қатъий чақиряпмиз. Тегишли тавсиялар вазирлик ва чет элдаги муассасаларнинг расмий ресурсларида эълон қилинган”, — дея “Интерфакс” агентлиги Захарованинг брифингдаги сўзларини келтирди.
Захарованинг айтишича, “Германияда давлат амалдорлари томонидан Россия фуқаролари ва ватандошларга нисбатан асоссиз таъқиблар давом этмоқда”. У яна: “Бу Германияга хизмат сафарига юборилаётган журналистика корпуси вакиллари учун ҳам фойдали бўлиши мумкин, чунки муаммолар бор”, — деди.
Шунингдек, РФ ТИВ вакили Германия тарихи ҳақида ҳам ўз талқинини билдирган: “Эслатиб ўтаман: Германия тарихида шундай даврлар бўлганки, айнан мана шундай миллатчилик руҳининг намоён бўлиши бу мамлакат ҳокимияти томонидан гўёки янги меъёр сифатида қабул қилинган. Бу эса жаҳон миқёсидаги фожиага олиб келган”, — дея Захарованинг сўзларини келтирди Россия ОАВ.
Мисол тариқасида Захарова Петербургнинг “Зенит” футбол клуби мураббийи Сергей Семак ва унинг рафиқаси билан боғлиқ ҳолатни тилга олган. Унинг айтишича, Семакнинг рафиқаси декабр ойи бошларида блогида ўзи ва турмуш ўртоғи Мюнхен аэропортида tax free расмийлаштираётганда тўхтатилгани, шундан сўнг 300 евродан қиммат харидлари мусодара қилингани ва натижада оила ўз рейсига кечикиб қолганини ёзган.
Германиянинг Deutsche Welle (DW) жамоат-ҳуқуқий медиакомпанияси Россия томонидан расман “номаҡбул ташкилот” деб эълон қилинди. Бу ҳақдаги ёзув РФ Адлия вазирлигининг реестрида 16 декабр куни пайдо бўлган, DW'ни ушбу рўйхатга киритиш ҳақидаги қарор эса бир кун олдин қабул қилинган.
DW бош директори Барбара Массинг шундай деди: “Россия режими эркин ОАВни сукутга мажбурлашга қаратилган навбатдаги уриниш орқали сўз эркинлигини нақадар кам ҳурмат қилишини ва мустақил ахборотдан қанчалик қўрқишини кўрсатмоқда”. У, шунингдек, DW “Украинага қарши тажовузкор уруш ва Россияда ахбороти деярли етиб бормайдиган бошқа мавзуларни ҳам мустақил ёритишни давом эттиради”, деб таъкидлаган.
Россия фуқаролари учун “номаҡбул ташкилотлар” билан ҳамкорлик қилиш тақиқи РФ ҳудудидан ташқарида ҳам амал қилади. Шу сабаб, DW'ни Россияда “номаҡбул ташкилот” деб топиш тўғрисидаги қарор DW'нинг россиялик ходимларига бевосита таъсир қилади.
Россияда “номаҡбул ташкилот” мақомига эга бўлган тузилмалар қаторида бир қатор медиа ташкилотлари, ННТ ва фондлар ҳам бор. Улар қаторида Radio Free Europe/Radio Liberty, Bellingcat суриштирувлар портали, “Чегара билмас мухбирлар”, “Дождь” телеканали зикр этилади.
Мавзуга оид
12:04
Удалцовга ҳукм: “терроризмни оқлаш” учун 6 йил қамоқ
09:21
ОАВ: РФ ва АҚШ Украина иштирокисиз ЗАЭСни бошқаришни муҳокама қилмоқда
09:14
АҚШ Путин ва Бушнинг НАТО ҳақидаги суҳбатини махфийликдан чиқарди
22:56 / 25.12.2025