Жаҳон | 16:39
1589
2 дақиқада ўқилади

Urbi et Orbi: Лев XIV Россия ва Украинани мулоқотни бошлашга чақирди

Москва ва Киев Украинадаги урушни якунлаш учун “самимий, тўғридан тўғри ва ҳурматга асосланган мулоқот” олиб боришга жасорат кўрсатиши керак, деди Рим папаси Лев XIV. Илгари у Рождество арафасида РФни ўт очишни тўхтатишга чақирган эди.

Фото: Yara Nardi/REUTERS

Рим папаси Лев XIV Россия ва Украинани урушни тугатиш бўйича музокараларга киришишга чақирди. “Биз азоб чеккан Украина халқи учун дуо қиламиз: қуроллар ишлатилиши тўхтасин. Халқаро ҳамжамият кўмагида можарога тортилиб қолган томонлар самимий, тўғридан тўғри ва ҳурматга асосланган мулоқот учун ўзида жасорат топсин”, — деди понтифик 25 декабр, пайшанба куни анъанавий рождестволик Urbi et Orbi (“Шаҳарга ва дунёга”) мурожаатида.

Лев XIV мурожаат матнини Ватикандаги собор балконидан ўқиб эшиттирди. Уни майдонга тўпланган юзлаб кишилар тинглади. Мурожаат матни Рим папаси матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Дунёнинг бошқа ҳудудлари ҳақида гапирар экан, папа Яқин Шарқдаги насронийларни қўллаб-қувватлашини билдирди ва “Ливан, Фаластин, Исроил ва Сурия учун адолат, тинчлик ва барқарорлик”ка чақирди. Мурожаатда понтифик Судан, Жанубий Судан, Мали, Буркина-Фасо, Конго Демократик Республикаси, Гаити, Мянма, Таиланд ва Камбоджадаги одамларнинг азоб-уқубатларини ҳам тилга олди.

23 декабр куни Рим папаси РФ армиясини ўт очишни тўхтатишга чақирган. “Мени жуда қайғуга соладиган нарсалардан бири — Россия, афтидан, ўт очишни тўхтатиш талаби(ни) рад этганидир”, — деб қўшимча қилган эди Лев XIV ўшанда.

Шу орада Россия Украина ҳудудларига зарба беришни давом эттирди. 25 декабр куни тунги ҳужумлар оқибатида мамлакатнинг бир неча вилоятида камида тўрт киши ҳалок бўлган, 19 киши яраланган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид