Ўзбекистон | 12:06 / 26.12.2025
2106
1 дақиқада ўқилади

Ер масалалари: 2026 йилда минглаб маҳаллаларда хатлов ўтказилади

“Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш мақсадида 2026 йил учун хатлов ишлари кўлами белгиланди. 2 142 та маҳаллада хатлов ўтказиш бўйича режа-жадвал тасдиқланди.

Маълум қилинишича, хатлов ишлари қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотлар бўйича ҳолатни ўрганиш, маълумотларни инвентаризация қилиш ва ҳужжатлаштиришга қаратилган. Бу жараён тегишли тартиб-таомиллар асосида амалга оширилиб, кейинчалик ҳуқуқий мақомни белгилаш ва қонунийлаштириш масалаларини кўриб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилиши қайд этилмоқда.

Режа-жадвалда 2026 йил давомида қайси ҳудудлар қамраб олиниши белгилаб қўйилган бўлиб, хатлов ишлари маҳаллалар кесимида босқичма-босқич ташкил этилиши кўзда тутилган. Тегишли хизматлар томонидан маҳаллий даражада аҳолига тушунтириш ишлари олиб борилиши, маълумотлар йиғиш ва расмийлаштириш жараёнлари белгиланган тартибда амалга оширилиши кутилмоқда.

Кадастр агентлиги томонидан режа-жадвал тасдиқлангани, хатлов натижалари асосида қонунчиликда назарда тутилган тартибда кейинги қарорлар қабул қилиниши мумкинлиги таъкидланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид