Ўзбекистон | 13:02
4388
2 дақиқада ўқилади

Абдуманноп Бўриев бизнес-омбудсман лавозимига тайинланди

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (бизнес-омбудсман) лавозимига Абдуманноп Абдураҳмадович Бўриев тайинланди. 

Фото: Telegram / davlat_boshqaruvi

Бизнес омбудсман сифатида 2017 йилдан бери ишлаб келган Дилмурод Қосимов 2025 йил март ойида бош прокурор ўринбосари этиб тайинланганидан кейин, унинг собиқ лавозими вакант бўлиб қолаётган эди.

Абдуманноп Бўриев – парламент депутати. У тайинловга қадар Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси сифатида фаолият юритиб келаётганди.

Бўриев 1986 йилда Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2011 йилда Адлия вазирлиги Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси 1-тоифали иш юритувчи котиби сифатида бошлаган. 2013–2017 йилларда Тошкент шаҳар адлия бошқармасида бош маслаҳатчи ва бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган. 2019–2022 йилларда Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи, Ташкилий-назорат ва таҳлил бошқармаси бошлиғи лавозимларида фаолият юритган. 2022–2025 йилларда Фарғона вилояти адлия бошқармаси бошлиғи бўлган.

Маълумот учун, Бизнес-омбудсман институти – тадбиркорликни ривожлантиришдаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва тадбиркорлар ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш каби йўналишларда иш олиб бориши назарда тутилган. 

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид