Жаҳон | 14:29
950
3 дақиқада ўқилади

Малайзия собиқ бош вазири 15 йилга қамалди

Суд Нажиб Раззоқни ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва молиявий жиноятларнинг ўнлаб эпизодлари бўйича айбдор деб топди. Ҳукм Куала-Лумпурдаги Олий суд томонидан давлат инвестиция жамғармаси — 1MDB иши доирасида чиқарилди.

Фото: Hasnoor Hussain/REUTERS

Малайзия собиқ бош вазири Нажиб Раззоқ жума куни, 26 декабрда ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва пул ювишда айбдор деб топилди. Куала-Лумпурдаги Олий суд давлат инвестиция жамғармаси 1MDB иши бўйича кўп йиллик суд жараёни якунларига кўра, уни ҳокимиятни суиистеъмол қилиш бўйича 4 та эпизод ва пул ювиш бўйича 21 та эпизодда айбдор деб топган, дея хабар берди Малайзия ОАВ. Суд Нажиб Раззоққа 15 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

ОАВ ҳукмнинг асослантирувчи қисмига таяниб ёзишича, айбланувчининг “унга қарши айбловлар ‘жодугарлар ов’и бўлиб, сиёсий сабаблар билан қўзғатилган” деган даъвоси “совуққон, қатъий ва рад этиб бўлмас далиллар” билан инкор этилган. Ушбу далиллар айбланувчи 1MDB давлат жамғармасидаги “ўта қудратли мавқеи”ни, шунингдек унга берилган кенг ваколатларни суиистеъмол қилганини кўрсатади. Қайд этилишича, Нажиб Раззоқ ҳам нега юзлаб миллион доллар АҚШ валютасидаги маблағлар унинг шахсий банк ҳисобига тушганини изоҳлаб бера олмаган.

Уч йил давом этган 302 та суд мажлиси жараёнида суд 462 млн еврога тенг сумма ҳақидаги ишни кўриб чиққан. Суд маълумотларига кўра, бу маблағ давлат инвестиция жамғармасидан ўзлаштириб олинган. Нажиб Раззоқ 2009–2018 йилларда Малайзия бош вазири бўлган ва айни пайтда мамлакат молия вазири вазифасини ҳам бажарган.

72 ёшли Нажиб Раззоқ ҳозирда давлат жамғармаси билан боғлиқ биринчи иш бўйича чиқарилган ҳукмга асосан 6 йиллик қамоқ жазосини ўтаб келмоқда. Тўрт кун олдин суд унинг ушбу муддат қолган қисмини уй қамоғига алмаштириш ҳақидаги илтимосномасини рад этган.

Нажиб Раззоқ давридаги коррупция ва қариндош-уруғчилик сабабли унинг таъсирли UMNO партияси (“Бирлашган малай миллий ташкилоти”) сўнгги икки сайловда мағлубиятга учраган. Мусулмон малайлардан иборат этник кўпчилик партияси ҳисобланган UMNO 1957 йилда Малайзия мустақилликка эришганидан бери узоқ йиллар давомида мамлакатни яккаҳокимлик билан бошқариб келган.

Нажиб Раззоқдан ташқари, ҳозир Жануби-Шарқий Осиёдан яна икки нафар собиқ давлат арбоби ҳам ҳибсда сақланмоқда. Филиппиннинг собиқ президенти Родриго Дутерте Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) тергов ҳибсхонасида “гиёҳвандликка қарши кампания”си давомида содир этилган жиноятлар бўйича айбловлар асосида сақланмоқда. Таиланднинг собиқ бош вазири Таксин Чинават эса сентябрдан бери ҳокимиятни суиистеъмол қилиш айби билан 1 йиллик қамоқ жазосини ўтаб келмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид