Ўзбекистон | 15:49
3390
3 дақиқада ўқилади

Қумқўрғон туманига ҳам янги ҳоким тайинланди

Туманга 2022 йил ёзидан буён раҳбарлик қилиб келган Анвар Нормаматов «бошқа ишга ўтиши муносабати билан» лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Денов тумани прокурори Фаррух Холиқов эгаллади.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Бугун, 30 декабр куни халқ депутатлари Қумқўрғон тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этган сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Шу кунгача Қумқўрғон тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келган Анвар Нормаматов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилгани маълум қилинди.

Вилоят ҳокими томонидан туман ҳокими лавозимига Миллий кадрлар захирасидан тавсия этилган Фаррух Омонович Холиқов номзоди таклиф этилди. Мазкур номзод Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари томонидан маъқулланди.

Маълумот учун, Фаррух Холиқов 1985 йилда Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган. У 2009 йилда Тошкент давлат юридик институтини, 2016 йилда Бош прокуратура олий ўқув курсини ҳуқуқшунослик мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида прокуратура органларида турли лавозимларда, жумладан, Узун ва Шўрчи туманлари прокурори сифатида ишлаган. Тайинловга қадар Денов тумани прокурори лавозимида фаолият юритиб келган.

Анвар Нормаматов 2003 йилдан бошлаб Сурхондарё вилояти ички ишлар органларида турли лавозимларда фаолият юритган, хусусан, 2021 йилдан Термиз шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаган. 2022 йил июнида Қумқўрғон тумани ҳокими этиб тайинланганди.

Қумқўрғон тумани ҳокими Анвар Нормаматов

У туманга ҳокимлик даврида бир неча бор ОАВ назарига тушган, хусусан, 2023 йил ноябрида маҳаллий тадбиркорлардан бири ҳокимга 400 миллион сўмдан қиммат турувчи Equinox русумли автомобил совға қилганди.

2025 йил октябрида эса Анвар Нормаматов маҳаллий кенгаш сессиясида газ муаммоси ҳақида гап кетганда «одамлар тезак қилмай қўйгани»ни айтиб, буни «халққа тушунтириш кераклиги»ни билдирганди.

«Тезак чалмаларни йиғиб, босиб, қишда иккита ташлаб қўйса бўлади-ку. Ҳамма газ-газ деб қолди. Газнинг таги бўлса қани, йўқ-да шу газ!» деганди ҳоким.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид