Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Путиннинг қароргоҳига “ҳужум” ҳақидаги гапларидан ғазабланган
Трамп Путин телефон суҳбатида Украина гўёки унинг қароргоҳига дронлар билан “ҳужум” қилганини айтганида “жуда қаттиқ ғазабланганини” билдирди. Шу билан бирга, АҚШ президенти бундай ҳужум умуман бўлмаган бўлиши ҳам мумкинлигини истисно этмади.
Фото: Getty Images
АҚШ президенти Доналд Трамп Россия раҳбари Владимир Путин у билан телефон орқали суҳбат чоғида Украина томонидан Новгород вилоятидаги унинг қароргоҳига дронлар билан ҳужум қилишга уриниш бўлгани ҳақида гапирганида “жуда қаттиқ ғазабланганини” айтди.
Трампнинг сўзларига кўра, суҳбат маҳаллий вақт билан эрталаб соат 8:00 да бўлиб ўтган. “Мен бу ҳақда ҳозиргина эшитдим, лекин мен бундан хабардор эмасман. Агар шундай бўлган бўлса, бу жуда ёмон бўларди”, — деди Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан Мар-а-Лаго (Mar-a-Lago)даги учрашув вақтида, 29 декабр, душанба куни журналистларга Россия ҳокимияти айтаётган “ҳужумга уриниш”ни изоҳлар экан.
Шу контекстда АҚШ президенти Киевга узоқ масофага учувчи Tomahawk қанотли ракеталарини беришга қарши бўлганини ҳам эслатди. “Tomahawk ҳақида унутманг. Мен Tomahawk’ни тўхтатдим. Мен буни (уларни Украинага беришни — таҳр.) истамагандим”, — деди Трамп.
Шу билан бирга, Трамп АҚШ дронлар ҳужуми ҳақиқатда бўлганми-йўқми, буни “аниқлайди”, деди. “Сиз ‘балки ҳужум бўлмаган’ дейяпсиз — бу эҳтимол, мумкин. Лекин президент Путин бугун эрталаб менга ҳужум бўлганини айтди”, — деди Трамп журналист аёлнинг шу ҳақдаги саволига жавоб берар экан.
Умуман олганда, АҚШ раҳбари Путин билан суҳбатни “жуда яхши” ва “жуда самарали” деб атади. У, шунингдек, тинчлик йўли билан ҳал этиш масаласида “жуда кам” мураккаб саволлар қолганини таъкидлади. “Ҳозир нозик давр. Ҳозир бунинг (бундай “ҳужумлар” учун — таҳр.) вақти эмас. Бир нарса — ҳужум (фронтда илгарилаш). Бошқа нарса — унинг (Путиннинг — таҳр.) уйига ҳужум қилиш. Ҳозир бунинг вақти эмас”, — деб қўшимча қилди Трамп.
Бир неча соат олдин Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина Новгород вилоятидаги Россия президенти Владимир Путиннинг давлат резиденциясига 91 та учувчисиз қурилма ёрдамида ҳужум қилишга уринганини айтди. Унинг сўзларига кўра, “ҳужум” 29 декабрга ўтар кечаси содир бўлган. Барча 91 та дрон йўқ қилинган. Лавров шунингдек, шу сабабдан “РФнинг музокара позицияси қайта кўриб чиқилади”, деб айтди, аммо Москва АҚШ билан музокара жараёнидан чиқиш ниятида эмаслигини билдирди.
Путиннинг Трамп билан суҳбатига изоҳ берган Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, АҚШ президенти Путиннинг давлат резиденциясига дронлар билан ҳужум ҳақидаги хабаридан “шокда” қолган ва “ғазабланган”.
Украина президенти Володимир Зеленский Лавровнинг резиденцияга ҳужум ҳақидаги гапларини ёлғон деб атади ва бунга Россия Киевдаги ҳукумат кварталига зарба беришга ҳозирланаётгани сабаб бўлаётганини айтди. У Россия ТИВ раҳбарининг сўзларини Трамп билан музокаралар билан ҳам боғлади. “Тушунарли: руслар учун Америка билан бизда жанжал бўлмаса — аксинча, илгарилаш бўлса — бу мағлубият. Чунки улар бу уруш тугашини истамайди”, — деб қўшимча қилди Зеленский.
Украина президенти фикрича, Москва бундай баёнотлар орқали Киев ва Вашингтон ўртасида тинчлик музокараларида эришилган илгарилашни издан чиқаришга уринаётган бўлиши мумкин. У Трампни “Россия таҳдидларига муносиб тарзда жавоб қайтариш”га чақирди.
Мавзуга оид
12:10
Ушаков: Трамп Путин резиденциясига “ҳужум” ҳақидаги гаплардан шокда
08:51
Трамп: АҚШ илк бор Венесуэла ҳудудига зарба берди
21:21 / 29.12.2025
Путин Запорожие шаҳрини эгаллаш учун ҳужумни давом эттиришни буюрди
14:10 / 29.12.2025