Ўзбекистон | 13:43 / 31.12.2025
1179
2 дақиқада ўқилади

2 млн фуқаро касб-ҳунар, тадбиркорлик ва хорижий тилларга ўқитилади

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш ва меҳнат бозори талабига мос кўникмаларни ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Лойиҳада 2 миллион нафар фуқарони касб-ҳунар, тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитиш, шунингдек, ваучер тизими орқали ишсизлар учун ўқиш харажатларини қоплаб бериш режалаштирилмоқда.

Стратегия лойиҳасига мувофиқ, фуқароларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш ва уларнинг замонавий техника ҳамда технологиялардан фойдаланиш бўйича касбий кўникма ва малакаларини ривожлантириш чоралари кенгайтирилади. Хусусан, 2 миллион нафар фуқарони касб-ҳунар, тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитиш режалаштирилган.

Лойиҳада бандликни ошириш бўйича мақсад ҳам белгиланган: меҳнатга лаёқатли аҳолини, шу жумладан ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларни барқарор ҳамда самарали иш билан таъминлаш орқали ишсизлик даражасини 4 фоизгача тушириш кўзда тутилмоқда. Касбий тайёргарлик ва қайта тайёрлаш дастурлари айнан шу мақсадга хизмат қилиши қайд этилган.

Ўқитиш дастурларини кенг қамровда ташкил этиш учун ваучер тизими ҳам жорий этилиши назарда тутилган. Унга кўра, ваучер асосида 700 минг нафар ишсизлар ҳамда расмий даромадга эга бўлмаган иш қидираётган фуқароларнинг касб ва хорижий тилларга ўқитиш харажатлари қоплаб берилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, ваучер тизимида нодавлат таълим ташкилотларининг иштирокини кенгайтириш мақсадида уларнинг улушини 48 фоизгача ошириш белгиланган. Бу орқали таълим хизматлари бозорида рақобат муҳитини кучайтириш ва ҳудудларда ўқитиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилади.

Лойиҳада ўқитиш сифатига ҳам урғу берилган: касбга ўқитиш марказларида фаолият юритаётган 1,6 минг нафар ўқитувчининг халқаро стандартлар асосида малакасини ошириш ҳам режалаштирилган. Бундан ташқари, касб-ҳунарга ўқитишда хусусий сектор улушини 30 фоизга етказиш мақсади қайд этилган.

Кўзда тутилган чора-тадбирлар аҳолининг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш, барқарор бандликни таъминлаш ва даромадли меҳнат имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид