Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Болгария 1 январдан еврога ўтади
Евро тарафдорлари ушбу қадам ЕИ билан алоқаларни мустаҳкамлаши ва мамлакатни ташқи таъсирга нисбатан заифлигини камайтиришини таъкидламоқда. Евро мухолифлари нархларнинг кескин ошиши ва иқтисодий суверенитетни йўқотиш таҳдидидан хавотирга тушган.
Болгария 1 январдан еврога ўтади ва евроҳудуддаги 21-давлатга айланади. Тегишли қарор пайшанба куни кучга киради ва мамлакатнинг миллий валюта - Болгария левидан воз кечиш бўйича кўп йиллик йўли якунланади.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен мамлакатни бу қадам билан табриклади:
«Эртага Болгария евроҳудудга қўшилади. Бу муҳим қадам кўп йиллик машаққатли меҳнат ва мақсадга содиқлик натижаси бўлди. Энди бу оддий тўловлар, қулай саёҳатлар ва Болгария бизнеси учун кўплаб янги имкониятларни англатади. Табриклаймиз, Болгария! Сиз эришган ютуқларингиз билан фахрланишингиз мумкин».
Еврога ўтиш кескин ички мунозаралар фонида содир бўлмоқда. 2025 йилда Болгарияда миллий валюта - левни сақлаб қолиш учун кенг кўламли норозилик кампанияси бошланди: евро мухолифлари нархларнинг кескин ошиши ва иқтисодий суверенитетни йўқотиш таҳдидидан хавотирга тушди.
Шунга қарамай, бир-бирини алмаштирган ҳукуматлар бирин-кетин евроҳудудга қўшилишга интилди. Ислоҳот тарафдорларининг фикрича, евро иқтисодиётни кучайтиради, савдони осонлаштиради, ЕИ билан алоқаларни мустаҳкамлайди ва мамлакатнинг ташқи таъсир, жумладан, Россия таъсирига нисбатан заифлигини камайтиради.
Болгария сўнгги йилларда узоқ давом этган сиёсий инқирозни бошдан кечирмоқда: коррупцияга қарши намойишлар консерватив ҳукуматнинг қулашига олиб келди ва мамлакат сўнгги беш йил ичида саккизинчи сайлов арафасида турибди.
Иқтисодий жиҳатдан Болгария узоқ вақтдан бери евро билан чамбарчас боғланган. 1990-йиллардаги гиперинфляциядан сўнг, мамлакат дастлаб левни немис маркасига, кейин эса еврога боғлаб қўйди ва валюта барқарорлигини назорат қилишни Европа Марказий банкига топширди. Европа Марказий банки президенти Кристин Лагард аввалроқ Евроҳудудга қўшилиш Болгарияга сезиларли устунликлар беришини айтган эди - барқарор нархлар ва арзонроқ молиялаштиришдан тортиб Европа Иттифоқи ичидаги савдони соддалаштиришгача.
Мавзуга оид
11:05
Каллас: ғарб санкциялари Россияга 1,3 трлн еврога тушди
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
08:50 / 05.06.2026
ЕИда украиналик қочқинларни ҳимоя қилиш тартиби ўзгариши мумкин
08:58 / 04.06.2026