Жаҳон | 09:36
5348
2 дақиқада ўқилади

Германия тарихидаги энг йирик ўғрилик: банкдан 90 млн евро ўмарилди

Германия ғарбидаги Гелзенкирхен шаҳрида номаълум шахслар банк омборхонаси деворини тешиб кириб, тахминан 3200 та сейф-ячейкани бузиб очган. Зарар 90 млн еврогача етиши мумкин. Бу — ГФР тарихида банкдаги энг йирик ўғриликлардан бири.

Фото: Polizei Gelsenkirchen

Германия ғарбидаги Гелзенкирхен шаҳрида Sparkasse банкининг филиали талон-торож қилинди. Жиноятчилар банк ячейкалари жойлашган хона билан унинг ёнидаги кўп қаватли автотураргоҳ орасидаги бетон деворни бузиб тешик очган, деб хабар берди маҳаллий полиция ўз сайтида сешанба, 30 декабр куни.

Полиция маълумотларига кўра, бир неча мингта сейф бузиб очилган, зарар ўнлаб миллион евро билан ўлчанади. Гувоҳлар айтишича, 28 декабр кечқурун кўп қаватли автотураргоҳ зинапоясида катта сумкалар кўтарган эркакларни кўришган.

Кузатув камералари ёзувлари 29 декабр тонгида автотураргоҳдан қора рангли Audi RS 6 чиқиб кетганини кўрсатган, машина ичидагилар ниқобда бўлган. Автомобилнинг давлат рақами олдинроқ Ҳанновер шаҳрида ўғирланган. Полиция бу шахсларнинг ҳаракатларини «жуда профессионал» деб баҳолаган.

Dpa агентлиги терговчиларга таяниб ёзишича, тахминан 3200 та сейф бузиб очилган, умумий қиймати тахминан 30 млн евро бўлган пул, олтин ва қимматбаҳо тақинчоқлар ўғирланган. Зарарни аниқ баҳолаш қийин, чунки ячейкаларда сақланган нарсалар кўпинча сир бўлган.

Associated Press ахборот агентлиги Гелзенкирхен полициясига таяниб, зарар миқдори 10 млн евродан 90 млн еврогача деб баҳоланаётганини хабар қилди. ОАВда бу воқеа ГФР тарихидаги энг йирик ўғриликлардан бири сифатида тилга олинмоқда.

Sparkasse банкида ҳар бир сейф 10 300 еврогача суғурталангани айтилган. Бироқ 29 ва 30 декабр кунлари банк биноси олдига норози мижозлар йиғилган. Кўпчилик ўз йўқотишлари суғурта суммасидан анча юқори эканини билдирган. Жами тахминан 2700 киши жабр кўрган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид