Жаҳон | 09:41 / 31.12.2025
1318
3 дақиқада ўқилади

Мерц: Украинадаги уруш — Россиянинг Европага қарши режаси бир қисми

Янги йил муносабати билан телемурожаатида Фридрих Мерц Украинадаги уруш Россиянинг бутун Европа қарши қаратилган режасининг бир қисми эканини айтди. “Биз хавфсиз мамлакатда яшаймиз”, — деб ишонтирди канцлер Германия фуқароларини.

Фото: DPA

Украинадаги уруш Европа мамлакатларига, жумладан Германияга ҳам тўғридан тўғри дахл қилади, чунки у Россия Федерациясининг бутун Европага қарши қаратилган режасининг бир қисми, деди ФРГ канцлери Фридрих Мерц Германия фуқароларига янги йил табриги сифатида йўллаган телемурожаатида. Унинг матни чоршанба куни, 31 декабрда эълон қилинган.

“Европада даҳшатли уруш авж олмоқда. Бу — тўғридан тўғри эркинлигимиз ва хавфсизлигимизга таҳдид солаётган уруш”, — деди Мерц.

“Россия Украинага қарши тажовузкор урушини аёвсиз шафқатсизлик билан давом эттирмоқда. Тўртинчи йил кетма-кет украинлар янги йилни энг оғир шароитларда нишонлайди — кўплари электрсиз, ракеталар ёғдулари остида, дўстлари ва яқинлари учун хавотирда”, — деди у.

“Бу бизга алоқаси йўқ, узоқдаги қандайдир уруш эмас. Чунки биз тобора равшанроқ кўряпмиз: Россиянинг бостириб кириши бутун Европага қарши қаратилган режанинг бир қисми бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда. Ҳар куни, жумладан Германия ҳам диверсиялар, жосуслик ва киберҳужумларга дуч келмоқда”, — дея қўшимча қилди канцлер.

Мерц Германияда энергия ташувчилар қимматлашишида Россияни тўғридан тўғри айбламади, аммо шундай деди: “Хомашёга бўлган стратегик қарамлигимиз тобора кўпроқ манфаатларимизга қарши сиёсий дастак сифатида ишлатилмоқда”. Бу дастакни айнан ким ишлатаётганини канцлер аниқ айтмади.

Сиёсатчи, шунингдек, Германияда мудофаа харажатлари оширилиши ва армияга чақирувнинг янги тизими ҳақида ҳам алоҳида фикр билдирди. “Биламан, дунёдаги ноаниқлик сабаб кўплаб фуқаролар тинчлик масаласидан хавотирда. Сизларга айтаман: биз ўз хавфсизлигимизни таъминлаяпмиз”, — деди Фридрих Мерц.

“Биз хавфсиз мамлакатда яшаймиз. Бу келгусида ҳам шундай бўлиб қолиши учун, биз тийиб туриш қобилиятимизни оширишимиз керак. Биз ўзимизни ҳимоя қила олишни хоҳлаймиз — шунда бунга мажбур бўлиб қолмаймиз”, — дея хулоса қилди канцлер.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид