Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
РФ Мудофаа вазирлиги: «Орешник» Беларусда жанговар навбатчиликни бошлади
Россия Мудофаа вазирлиги «Орешник» ракета комплекси Беларус ҳудудида жанговар навбатчиликка киришганини маълум қилди. РФ ҳарбийлари унинг қаерда жойлаштирилганини ошкор этмади. Илк бор «Орешник» кўрсатилгани айтилаётган видео ҳам эълон қилинган.
Россия Мудофаа вазирлиги сешанба, 30 декабр куни «Орешник» ракета комплекси Беларус Республикаси ҳудудида жанговар навбатчиликка киришганини билдирди. РФ Мудофаа вазирлигининг Telegram’даги постига видео ҳам илова қилинган. Россия ахборот агентликлари РИА “Новости” ва ТАССга кўра, унда «Орешник» биринчи марта кўрсатилган.
Россия ҳарбийлари Беларусдаги «Орешник»нинг мобил учириш қурилмалари қаерда жойлашганини айтмаган. Илгари Миддлбери халқаро тадқиқотлар институтидан тадқиқотчи Жеффри Люис ва CNA таҳлил марказидан Декер Эвелет сунъий йўлдош суратларига таяниб, юқори эҳтимол билан гап Беларус шарқидаги Кричев шаҳри атрофи ҳақида кетиши мумкинлигини билдирган. Кричев Минскдан тахминан 300 км, Украина чегарасидан эса 180 км масофада жойлашган.
10 декабр куни Беларус раҳбари Александр Лукашенко Россиядан Беларусга “ўнлаб” тактик ядровий жанговар қисмлар олиб кирилганини айтган. Унинг билдиришича, «Орешник» ракеталари Беларусда СССР даврида стратегик ядровий ракеталар турган майдонларга жойлаштирилади. Лукашенко сўзларига кўра, мамлакатда бундай объектлар тахминан 30 та.
Бундан олдин Беларус раҳбари бу қуролларни жойлаштиришни тажовуз эмас, балки “минтақада вазиятнинг кескинлашуви ва замонавий таҳдидларга жавоб чораси” деб таърифлаган.
Россия президенти Владимир Путин 2024 йил 21 ноябр куни Россия Украинадаги Днипро шаҳрига “ядровий бўлмаган гипертовушли баллистик ракета” билан зарба берганини, бу учун “ўрта масофали энг янги Россия тизими — «Орешник»” қўлланганини айтган эди. Россия раҳбарининг даъвосига кўра, «Орешник»нинг учиш масофаси 1000–5500 кмни ташкил қилади.