Жаҳон | 03:54 / 01.01.2026
8851
2 дақиқада ўқилади

Трамп Путин ёлғончиликда айбланган мақолани репост қилди

New York Post газетаси мақоласида Россия «тинчлик музокараларини бузиш учун Путин қароргоҳига дрон ҳужуми воқеасини ўйлаб топгани» ҳақида сўз боради.

АҚШ президенти Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Россия президенти Владимир Путин ёлғончиликда айблангани ҳақидаги мақолани репост қилди.

New York Post газетаси мақоласида Владимир Путин ва Россиянинг ҳаракатларини кескин танқид қилинган. Жумладан, Россия тинчлик музокараларини бузиш учун Путин қароргоҳига «дрон ҳужуми» воқеасини ўйлаб топгани, Путин Украинада тинчликка эришиш йўлида тўғаноқ бўлиб тургани, Москва тажовузни давом эттираётгани ва бошқа авторитар режимларни (масалан, Эронни) қўллаб-қувватлаётгани таъкидланган ва Россияга нисбатан халқаро босимни кучайтиришга чақирилган.

NYP мақоласида айтилишича, «дрон ҳужуми, эҳтимол, ҳеч қачон бўлмаган. Зеленский буни қатъиян рад этди. Песков россияликлар ҳеч қандай далил келтира олмаслигини айтди ва матбуотни «шунчаки бунга ишонишга» чақирди. «Йўқ, бундай қилмаймиз», деб ёзди нашр.

Аввалроқ, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украинани «Путиннинг қароргоҳига дрон орқали ҳужум қилганликда»да айблади. Зеленский «бу навбатдаги ёлғон ва Киевга зарбалар бериш учун баҳона» эканини маълум қилди. Путин «бундай ҳужум» ҳақида Трампни хабардор қилгани маълум бўлди. Америка президенти эса «бу ёмон экани ва ҳозир бунинг мавриди эмаслиги»ни билдирган эди.

New York Post газетаси кўп йиллар давомида Трампга нисбатан хайрихоҳлик қилиб келади. Кузатувчиларнинг фикрига кўра, АҚШ президенти ўз шарҳини эмас, балки репостни танлагани сиёсатчига ўз фикрини оммага тарқатиш, аммо манёвр учун бўшлиқни сақлаб қолган ҳолда позицияни белгилаш имконини беради.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид